"Кадастр йил аёли" танловининг ғолиблари аниқланди
Кадастр агентлиги тизимида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал имкониятлари, ташаббускорлиги ва лидерлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган "Кадастр йил аёли" кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Танловда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси тизимида меҳнат қилаётган фаол хотин-қизлар иштирок этиб, ўзларининг касбий маҳорати, билим ва тажрибаси, ижодий ёндашуви, интеллектуал салоҳияти ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган инновацион ғояларини намойиш этдилар. Беллашувлар давомида иштирокчилар турли шартлар асосида ўзаро рақобатлашиб, ўз иқтидор ва имкониятларини синовдан ўтказдилар.

Тадбирда Кадастр агентлиги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилоти раҳбари С. Ботирова, Давлат кадастрлари палатаси хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилоти раҳбари М. Йўлдошева ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси У. Бекмуродовалар иштирок этишиб, иштирокчиларнинг чиқишларига баҳо беришди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, 1-ўрин Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармасининг бош мутахассиси Нодира Шобўтаевага насиб этди. 2-ўринни Гулистон шаҳар филиали бош мутахассиси Дилноза Ниёзова, 3-ўринни эса Янгиер шаҳар филиали бош мутахассиси Моҳира Джемилева қўлга киритди.

Шунингдек, танловда фаол иштирок этган бир қатор иштирокчилар турли номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири