Янгиланган поликлиника биноси фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги Қизилтепа туманининг ҳар бир маҳалласида кўтаринки руҳда нишонланиб, ҳудудларда ўнлаб янги объектлар фойдаланишга топширилди.
Жумладан, Зарметан маҳалласида 19-оилавий поликлиниканинг 75 қатновли биноси 2,2 миллиард сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланиб, қўшимча 30 қатновли бино қурилди.
Тадбирда туман ҳокими Бекзод Бобомуродов сўзга чиқиб, барчани қўшалоқ байрам билан табриклаб, Зарметан маҳалласида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Жорий йилда маҳаллада 30 миллиард сўмга яқин маблағлар эвазига 17 км. ички йўллар асфальт қилинди, 19,2 км. янги ичимлик суви тармоғи тортилди. 20 км. электр тармоқлари янгиланиб, 6 та янги трансформатор ўрнатилди. 15-умумий ўрта таълим мактабининг мавжуд 670 ўринли биноси мукаммал таъмирланиб, қўшимча 240 ўринли ўқув блоги қурилган бўлса, ҳудуддаги мавжуд спорт иншооти замонавий тарзда реконструкция қилинди. Шунингдек, аҳолига туну кун хизмат кўрсатувчи 24/7 кўча ташкил этилмоқда.


Тадбирда рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар янгиланган поликлиникадаги мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири