Навоий вилоятида 1-синфларга 22 минг 35 нафар ўқувчи қабул қилинди
Бугун юртимиздаги барча таълим муассасаларида биринчи қўнғироқ садолари остида янги ўқув йили бошланди.
Жорий йилда Навоий вилоятидаги 367 та умумтаълим мактабларида ҳам “Билимлар куни” тадбирлари ўтказилиб, 1-синфга 22 минг 35 нафар ўқувчи қабул қилинди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов Навоий шаҳридаги 19-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди ва давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда таъкидланганидек, “...Кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз.
Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ай-ти”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир.
Бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандларимиз тимсолида биз Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз. Уларнинг ҳар бирини гуркираб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқболимиз устунлари этиб тарбиялаш – муқаддас вазифамиздир”.
Жорий йилда вилоятда таълим муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, жиҳозлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун жами 179 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, 60 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида 6 минг 200 та ўқувчи ўрни янгидан яратилган бўлса, 16 минг 806 та мавжуд ўқувчи ўрни мукаммал таъмирланишига 146 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бунинг натижасида 2,5 ва 3 коэффициентда ишлайдиган мактаблар тўлиқ тугатилди. Мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида республика ва маҳаллий бюджетнинг 9 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан 1033 дона компьютер, 74 дона электрон доска олиб берилди.
– Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида мактабимизнинг 810 ўринли қўшимча биноси қуриб, фойдаланишга топширилди, – дейди мактаб директори Дилшод Бобоназаров. – Айни пайтда мактабимизда 1923 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларга 194 нафар педагог сабоқ бермоқда. Ўқитувчилар таркибининг салоҳияти ҳам юқори бўлиб, жамоада 5 нафар фан доктори ва номзодлари, 38 нафар олий тоифали, 62 нафар биринчи тоифали ҳамда 74 нафар иккинчи тоифали ўқитувчи фаолият юритмоқда. Бу эса таълим жараёнини малакали мутахассислар билан таъминлаш, ўқувчиларга чуқур ва сифатли билим бериш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Жорий йилда 209 нафар 11-синф битирувчисининг 136 нафари давлат, 44 нафари эса хусусий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. 15 нафар ўқувчимиз муддатидан олдин талаба бўлиш имкониятига эришган бўлса, 4 нафар ўқувчимиз грант асосида АҚШдаги, 1 нафари эса Туркиядаги нуфузли университетга ўқишга қабул қилинди.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/31208]
Вилоятдаги барча таълим муассасаларига қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди ва дарслар “Келажак соати” машғулотлари билан бошланди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари