Янгиҳаёт туманида хавфсизликни таъминлаш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси жойларда изчил таъминланишига эътибор берилмоқда.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани кенгашининг қўшма мажлиси шу мақсадга қаратилди.
Мажлисда туманда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, туман ҳокими, прокурори ҳамда ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу қарорлар доирасида 2026 йилнинг ўтган даврида туман маҳаллаларида 18 “хавфсиз кўча” ва 13 “хавфсиз уй” барпо этилгани қайд этилди.
Шунингдек, бугунги кунда 206 та маиший ва савдо объектлари ҳамда 263 хонадон техник жиҳатдан қўриқловга олингани, бундан ташқари, кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларига 150 домофон, кириш йўлакларига 106 “ташвиш тугмаси” ўрнатилгани алоҳида таъкидланди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2026 йилнинг биринчи чорагида оила-турмуш низолари оқибатида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Шунингдек, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 8,8 фоизга камайди.

Жиноят турлари бўйича ҳам ижобий натижалар қайд этилди. Хусусан, қотиллик, ўғрилик, транспорт воситасини олиб қочиш, оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятлар ҳамда ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони камайган.
Ички ишлар органлари ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар 34,9 фоизга ошгани қайд этилди. Маҳаллалар кесимида таҳлил қилинганда 30 маҳалланинг 7 тасида жиноятлар камайган, 21 тасида эса умуман жиноят содир этилмаган.
Мазкур натижалар ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини кўрсатади.
Муҳокамалар якунида тегишли қарор қабул қилиниб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Н.Абдураимова, ЎзА