Шартнома шартларини бажармаган МЧЖнинг қарздорлиги ундирилди
Мажбурий ижро бюросининг Чилонзор туман бўлими иш юритувида бўлган ижро иши доирасида Тошкент шаҳар Иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор МЧЖдан ундирувчи МЧЖ фойдасига 478 миллион сўм қарздорликни ундириш белгиланган.
Маълумот учун, мазкур низо томонлар ўртасида тузилган пудрат шартномаси ижроси билан боғлиқ бўлиб, унга кўра қарздор МЧЖ ундирувчи МЧЖга шартномада келишилган қурилиш материалларини белгиланган тартибда ва муддатларда етказиб бериши шарт эди. Бироқ қарздор томонидан ушбу мажбуриятлар тўлиқ бажарилмаган, яъни қурилиш материаллари ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилмаган.
Шу сабабли ундирувчи МЧЖ ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида суд органларига мурожаат қилган. Ишни кўриб чиққан Тошкент шаҳар Иқтисодий суди томонлар ўртасидаги шартнома шартлари бузилганини инобатга олиб, қарздордан 478 миллион сўм маблағни ундириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Ижро ҳужжати асосида давлат ижрочилари томонидан қарздорга қарор талабларини ихтиёрий равишда бажариш учун 15 кунлик муддат берилган бўлса-да, мазкур муддатда қарздорлик бартараф этилмаган.
Шундан сўнг, қонунчиликда белгиланган тартибда қарздорга нисбатан мажбурий ижро чоралари қўлланилиб, унинг мол-мулки ва ҳисобрақамларига тақиқлар қўйилган.
Амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида жами 478 миллион сўм маблағ тўлиқ ундирилиб, ундирувчи МЧЖнинг ҳисобрақамига ўтказиб берилди.
Ушбу ҳолат пудрат шартномаси шартларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш муҳим эканини, акс ҳолда суд ва мажбурий ижро тартиблари қўлланилишини яна бир бор тасдиқлади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА