Янги спорт мажмуаси очилди
– Очиғини айтганда, ўқ отиш спорти ривожланмаган эди, – дейди Фарғона вилоят фахрий спортчилари кенгаши масъул котиби Адҳамжон Отажонов. – Чунки бунинг учун бир қатор талаблар бўлиши лозим. Аввало махсус отиш жойи, қурол, ундан фойдаланишга рухсат. Шунинг учун ҳам Фарғонадаги замонавий ўқ отиш спорти мажмуаси ёшу қарига бирдек совға бўлди.
Ҳа, сўнгги йилларда Фарғонада камондан отиш спорти деярли ҳар бир шаҳар-туманда ташкил этилиб шаклланди. Уларда минглаб йигит-қизлар шуғулланмоқда ва турли даражада мусобақалар ҳам ўтказиляпти. Аммо ўқ отишга ихтисослашган маскан орзу бўлган. Мана энди Фарғонада бу йўналишда ҳам замон талабларига мос спорт мажмуаси ташкил этилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, у фақат ўқ отиш билангина чегараланиб қолмаган. Бу ерда спортнинг бошқа турлари билан ҳам шуғулланиш учун шароит яратилган.


Янги спорт мажмуасининг тантанали очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов, ҳарбий хизматчилар, спортчи ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА