Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш, энергия аудитини ташкил этиш ҳамда энергия аудити тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш механизмларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда саноат корхоналарига энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, энергия аудитини ўтказиш тартиби, давлат томонидан тақдим этилаётган молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича илғор тажрибалар ва амалий тавсиялар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Учрашувда Тошкент вилояти ҳокимининг саноат бўйича ўринбосари Р.Кунаров, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги, Савдо-саноат палатаси мутасаддилари, олий таълим муассасалари вакиллари, соҳа экспертлари, саноат корхоналари раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этди.

Якунда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва саволлар муҳокама қилиниб, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда мавжуд имтиёз ва қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
***
Тошкент вилояти прокурори А.Мирзаев раислигида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят прокуратура органларининг 2026 йилнинг 1-ярим йиллигидаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 9 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали 26 минг нафарга яқин фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани таъкидланди. Текширишлар ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 22 миллиард сўмлик зарар ундирилган. Ҳайъат йиғилишида прокурорлар томонидан ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ва маиший соҳаларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бошқа долзарб йўналишларда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
***
Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти мутахассислари иштирокида ўқув семинари ташкил этилди. Асосий эътибор ҳудудда фаолият юритаётган тижорат банкларининг масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлар учун валюта қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишлар тўғрисида тушунчалар берилди.

Шунингдек, валюта конвертацияси имкониятларини кенгайтириш ҳамда шикастланган ва яроқсиз хорижий валюталарни банк кассаларига қабул қилиш тартиби бўйича давра суҳбати ўтказилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
А.Мусаев,ЎзА