Янги Шофиркон — Янги Ўзбекистоннинг амалий тимсоли
Мустақиллик – бу фақат байрам эмас. У ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонда кечаётган ўзгаришлар, одамлар ҳаётидаги ижобий янгиланишлар, юртга бўлган меҳр ва ишончнинг амалий ифодасидир. Бугун мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида кечаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳам ана шу юксак ғоянинг ёрқин намунасига айланмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, чекка қишлоқ ва маҳаллаларни замонавий инфратузилма билан таъминлаш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Айниқса, 2025 йил 8 октябрда қабул қилинган “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда 2026 йил 5 февралдаги ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантиришга қаратилган қарорлар Шофиркон каби туманларда мутлақо янги тараққиёт босқичини бошлаб берди.
Бугун Шофирконда кечаётган ҳар бир қурилиш, ҳар бир асфальтланган йўл, ҳар бир реконструкция қилинган ижтимоий объект ана шу эзгу сиёсатнинг амалий самарасидир.
“Халқнинг фаровонлигини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорига назар сол” деган халқона ҳикмат бежиз айтилмаган.
Айни пайтда Шофиркон марказий деҳқон ва буюм бозорлари атрофида амалга оширилаётган ишлар туманнинг иқтисодий ҳаётини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бозорлар олдидан ўтган кўчалар тўлиқ асфальтлаштирилмоқда, ҳаракат хавфсизлиги учун замонавий талабларга жавоб берадиган инфратузилма барпо этилмоқда.

Тўрт тасмали автомобиль йўли, ўртасида ажратувчи тўсиқлар, икки томонда кенг пиёдалар йўлаклари, замонавий автотураргоҳ ҳамда янги савдо расталари нафақат тадбиркорларга, балки минглаб харидорларга ҳам қулайлик яратади.
Лойиҳага жами 2,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, бозор ҳудуди бутунлай замонавий қиёфа касб этмоқда.
— Давлатимиз раҳбарининг халқ манфаатини устувор қўйган сиёсати асосида йўл инфратузилмасини тубдан янгилаш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Корхонамизга автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу йил туманда 70 километр йўл асфальтлаштирилади. Бозор ҳудудидаги йўл эса туманнинг энг намунали йўлларидан бирига айланади. Энг муҳими, бу ишлар одамлар хавфсизлиги, тадбиркорлик ривожи ва аҳоли турмуш сифатини оширишга хизмат қилади. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ушбу иншоотларни халқимизга муносиб туҳфа сифатида топширишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз, — дейди Шофиркон тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси бош муҳандиси Саттор Султонов.

Туман марказидаги Қалмақон маҳалласида ҳам ҳақиқий янгиланиш даври бошланган.
1970 йилларда қурилган кўп қаватли уйлар бугун бутунлай янги қиёфа касб этмоқда. Фасадлар таъмирланяпти, замонавий воркаут майдончалари, болалар ўйингоҳлари барпо этилмоқда. Бу ерда нуронийлар маскани, кутубхона, дам олиш масканлари ташкил этилиши маҳалла аҳлининг кўп йиллик орзуларини рўёбга чиқармоқда.
Маҳалла раиси Зулфия Ашурова бугунги ўзгаришлар ҳақида шундай деди:
— Илгари маҳалламизда бундай кенг кўламли қурилиш ишларини тасаввур қилиш қийин эди. Президентимиз раҳнамолигида маҳаллаларга қаратилаётган ғамхўрлик туфайли бугун ҳар бир хонадон бу ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Янги кутубхона, нуронийлар маскани, кўп қаватли уйларнинг таъмири, болалар майдончалари — буларнинг барчаси инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, одамларда эртанги кунга ишонч кучайди.

Меҳнат фахрийси Матлуба Ҳакимованинг самимий фикрлари бугунги ўзгаришларнинг ҳақиқий баҳосидир: — Мен шу маҳаллада ўнлаб йиллардан бери яшайман. Илгари фарзандларимиз спорт билан шуғулланиш учун анча узоққа боришарди. Бугун эса ўз маҳалламизда замонавий стадион, болалар майдончаси, дам олиш жойлари барпо этилмоқда. Бу ўзгаришларни кўриб, қалбимизда чексиз шукроналик туйғуси уйғонади. Президентимиз ҳар бир маҳаллага, ҳар бир инсон тақдирига эътибор қаратаётганини биз ўз ҳаётимизда ҳис этяпмиз. Бугунги фаровонлик — тинчлик ва доно давлат сиёсати самарасидир.
Шофирконда таълим тизими ҳам тубдан янгиланмоқда. “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш учун 164 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шундан 57 миллиард сўми 6 та мактабгача таълим ташкилоти ва 9 та умумтаълим мактабини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларига йўналтирилди. Қўшимча манбалар ҳисобидан яна 170 миллиард сўм маблағ жалб қилиниб, ўндан ортиқ таълим муассасасида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шулардан бири — 25-умумтаълим мактабидир. Мактаб директори Умида Юсупова бизга қуйидагиларни гапириб берди:
— Мактабимиз 1991 йилда қурилган бўлиб, узоқ йиллар капитал таъмир кўрмаган эди. Бугун Президентимиз ташаббуси билан бу ерда кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Янги синфхоналар, замонавий жиҳозлар, қулай ўқув муҳити фарзандларимизга муносиб шароит яратади. Бу эътибор нафақат педагогларни, балки бутун ота-оналар жамоатчилигини руҳлантирмоқда. Биз энди янада юқори натижаларни қўлга киритиш учун масъулиятимизни чуқур ҳис қилмоқдамиз.
Шофиркон туманида маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” манзилли дастури ишлаб чиқилди.
Ушбу дастур доирасида қурилиш, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Янги Шофиркондаги 19 та маҳаллада 24 километр ички йўллар асфальтлаштирилмоқда. Пиёдалар йўлаклари қурилмоқда, қарийб 5 километр ариқлар бетонлаштирилмоқда, марказий кўчалар замонавий ёритиш тизими билан жиҳозланмоқда. Шунингдек, “Бобур” ва “Зарчабек” коллекторлари бўйида соҳилбўйи сайлгоҳи барпо этилиб, у аҳоли учун янги дам олиш масканига айланади. Бу ишлар нафақат инфратузилмани яхшилайди, балки шаҳарсозлик маданиятини юксалтириб, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ҳам оширади.
Бугун Шофирконда кечаётган ўзгаришлар бир туман ҳаётидаги оддий қурилиш ишлари эмас. Бу — инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмушини яхшилаш ва мамлакатнинг ҳар бир чекка ҳудудига бирдек эътибор қаратилаётганининг амалий исботидир. Энг муҳими, бугун шофирконликлар Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ва халқпарвар сиёсатнинг самарасини ҳар куни ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Янги йўллар, замонавий мактаблар, обод маҳаллалар, қулай бозорлар ва ёруғ кўчалар — буларнинг барчаси инсон манфаатини энг олий қадрият сифатида белгилаган давлат сиёсатининг амалий натижасидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Шофирконда амалга оширилаётган ана шундай улкан бунёдкорлик ишлари юрт тараққиётининг янги саҳифасини очмоқда. Бугунги Шофиркон — Янги Ўзбекистоннинг кучли сиёсати, халқ ва давлатнинг бир мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлиги ҳамда эртанги кунга бўлган юксак ишончининг ёрқин тимсолидир. Бу эзгу ишлар нафақат бугунги авлод, балки келажак авлодлар учун ҳам муносиб мерос бўлиб қолиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири