Янги саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда
Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Польшанинг “SOLAG” компанияси вакиллари ўртасида видео-конференс-алоқа шаклида музокаралар ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, музокараларда вилоятда умумий қиймати 40 миллион евро бўлган, “Yalosker” шиша-керамика листлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юқори технологияли корхона қуриш лойиҳаси муҳокама қилинган.
Лойиҳани Италиянинг “Advantech – Industrial Technologies” компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Корхона ишга туширилиши натижасида йилига 14 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, 150 дан зиёд янги иш ўрни яратиш ҳамда маҳсулотларни Марказий Осиё ва Европа давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 16 ой этиб белгиланган.
Учрашувда Навоий вилоятининг саноат салоҳияти, кварц қуми захиралари, инфратузилма ва логистика имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири