Зоминда 65,5 миллиард сўмлик янги корхона 50 нафар ёшни иш билан таъминлади
Жиззах вилояти Зомин туманида 65,5 миллиард сўм инвестиция ҳисобига ташкил этилган янги корхонада 50 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. “Zomin Brewery” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйишдан кўзланган асосий мақсад нафақат маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, балки маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилишдан иборат.
Зомин туманидаги янги корхонада узумни қайта ишлаш ва тайёр вино ва коняк маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 65,5 миллиард сўм бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати ҳозирча, илк босқичда йилига 10 минг литр маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Бу кўрсатгич яқин вақтда бир неча ҳиссага ортиши кўзда тутилган.
Янги ишлаб чиқариш қувватининг ишга туширилиши ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Корхона раҳбари Сардор Аққулов лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятига тўхталди. Лойиҳа доирасида 50 нафар ёш доимий иш ўрнига эга бўлди.

Корхона жамоаси олдига қўйилган устувор вазифа ишлаб чиқаришни босқичма-босқич кенгайтириш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишдир. Бунинг учун экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда янги бозорларни ўзлаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги яратилган иш ўринлари ва экспорт салоҳияти билан белгиланади. Шу маънода, “Zomin Brewery” МЧЖ учун навбатдаги муҳим босқич маҳсулотларни хорижий бозорларда ўз ўрнига эга қилишдир.
Абдужалол ҚАЮМОВ,
ЎзА мухбири