Янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
ФВВ академиясида "Фавқулодда вазиятлар органлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган “Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини такомиллаштиришда янги қонунчилик ислоҳотлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Жамоат хавфсизлиги университети масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Давра суҳбатини ФВВ академияси бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов очиб берди. У ўз нутқида мамлакатимизда фавқулодда вазиятлар соҳасини тубдан такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, мазкур қонун лойиҳасининг долзарблиги ҳамда унинг фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятининг замонавий ва самарали ҳуқуқий асосларини яратишдаги ўрни хақида гапирди.

Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасида назарда тутилган асосий янгиликлар, фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тизимини янада ривожлантириш, соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий нормалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Тадбирда қонун лойиҳасида назарда тутилган нормаларнинг амалий аҳамияти, уларни самарали амалга оширишнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари, илғор хорижий тажрибани миллий қонунчиликка уйғунлаштириш ҳамда фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан илмий-амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Давра суҳбати якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА