МИБ: пресс-тур ва матбуот анжумани ўтказилди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун пресс-тур ва жорий йилнинг ўтган 9 ойининг якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб бошқармада мурожаат қилиб келган фуқаролар учун яратилган шароитлар, ходимларнинг иш жараёни ва уларга бугунги кунда яратилаётган имкониятлар, амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг жорий йилнинг 9 ойининг якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Бошқарма бошлиғи Р.Халмуратов ва бошқаларнинг таъкидлаганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари иш юритувида жами 555 минг 59 та ижро ҳужжати бўлиб, шундан 339 минг 624 ижро ҳужжати якунланиб, амалда 202 минг 729 ижро ҳужжати бўйича 1 триллион 292 миллиард сўм ундирилиши таъминланди.
Шундан солиқ қарзи бўйича амалда 24 минг 843 ижро ҳужжати бўйича 604 миллиард сўм, давлат божлари билан боғлиқ 39 минг 331 ижро ҳужжати бўйича 32 миллиард сўм, жиноий жазоларни ундириш билан боғлиқ 90 таси бўйича 2,4 миллиард сўм, маъмурий жарималарни ундириш билан боғлиқ 65 минг 81 ижро ҳужжати бўйича 44 миллиард сўм, жиноят натижасида давлат фойдасига етказилган зарарларни ундириш билан боғлиқ амалда 30 таси бўйича 1 миллиард 305 миллион сўм ундирилди.

Жорий йил 1 октябрь ҳолатига алимент ундириш билан боғлиқ 15 минг 310 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, шундан 8 минг 996 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлик қарздорларнинг иш ҳақини ҳисобидан, 6 минг 314 таси эса ишсизлар ҳисобидан ундирилмоқда. Шунингдек, шу даврда 1 минг 19 та оила ярашиши сабабли алимент ижро ҳужжатлари якунланди.

Бундан ташқари, алимент тўловчиларни ишга жойлаштириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, унинг натижасида 1 минг 165 нафар ишсиз алимент тўловчининг бандлиги таъминланди. Алимент қарздорлиги бўйича 9 ойда 126,9 миллиард сўм ундирувчиларнинг номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилди. Шунингдек, 4 нафар ундирувчига қарздор томонидан 503 миллион сўм алимент тўлови олдиндан тўлаб берилган бўлса, 1 нафар ундирувчига алимент қарзи учун 130 миллион сўмлик уй-жой берилган.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га ўтказиб бериладиган маблағлар бўйича жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 28 миллиард 159 миллион сўм режа ўрнига 51 миллиард сўм ўтказилиб, 181 фоизга бажарилиши таъминланди.

Банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 74 минг 114 та ижро ҳужжати бўлиб, шундан 37 минг 937 таси тугатилди. Амалда 21 минг ижро ҳужжати бўйича 326 миллиард сўм ундирилиб, банклар фойдасига ўтказиб берилди. Қолдиқ ҳужжатлар бўйича ижро ҳаракатлари давомида 300 миллиард сўмлик 901 дона мол-мулк хатланиб, электрон савдоларга чиқарилди. Шунингдек, 268 миллиард сўмлик 17 минг 921 ижро ҳужжати бўйича банк кредит қарздорлиги қарздорларнинг иш ўрни ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларга қаратилиб ундириб келинмоқда.
Ишга тиклаш билан боғлиқ иш юритишдаги 24 та ижро ҳужжатидан 20 таси амалда бажарилди. Фуқароларни ишга тиклаш юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, унинг шаҳар ва туман бўлимларида жами 8 минг 752 та, шундан Президент виртуал қабулхонаси орқали 5 минг 466 та, Бош прокурор ишонч телефони (1007) орқали 324 та, Мажбурий ижро бюроси ишонч телефони (1107) орқали 642 та, тўғридан-тўғри 2 минг 320 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар тоифаси бўйича алимент ундириш юзасидан 2 минг 849, қарз ундириш масалалари юзасидан 4 минг 302, зарар ундириш масалалари юзасидан 78 та, ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан 14 та, бошқа масалалар юзасидан 1 минг 509 тани ташкил этади. Шундан, 7 минг 859 та мурожаат кўриб чиқилиб, 4 минг 246 таси қаноатлантирилган, 3 минг 613 тасига тушунтириш берилган.
Президент виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали жами 2 минг 985 та мурожаат келиб тушиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 898 тага камайган. Бошқарма томонидан, такрорий мурожаат қилувчилар бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Жорий йил бошидан Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, унинг шаҳар ва туман бўлимлари бошлиқлари томонидан 398 та сайёр ва оммавий қабул ўтказилди. Ушбу қабулларда 901 нафар фуқаро иштирок этиб, шундан 601 нафари томонидан мурожаат қилинган.
Ўтказилган сайёр ва оммавий қабуллар давомида 457 та мурожаат қаноатлантирилган. 96 та мурожаат ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали қаноатлантирилган, 34 тасига тушунтириш берилган.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири