Янги Ўзбекистон ёшлари: яратилган имкониятлардан халқаро ютуқларгача
Янги Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши, илм-фан билан шуғулланиши ва халқаро майдонда рақобатбардош мутахассислар сифатида шаклланишини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг олий таълим билан қамровини кенгайтириш, илмий ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Сўнгги йилларда ёшлар ва хотин-қизларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, магистратура ва докторантурада таҳсил олиши, хорижий олий таълим муассасаларида билим олиши учун кенг имкониятлар яратилди. Давлат грантлари, таълим кредитлари, стипендия дастурлари ҳамда халқаро таълим лойиҳалари минглаб ёшларнинг ўз мақсадлари сари дадил қадам ташлашига хизмат қилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор ва фармонлари асосида магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилди. Мазкур амалиёт кўплаб иқтидорли қизларнинг илмий фаолият билан шуғулланиши ва юқори малакали мутахассис бўлиб етишишида муҳим омил бўлмоқда.
Бугунги кунда ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, халқаро майдонда муваффақият қозонаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бунга халқаро ҳуқуқ соҳасида фаолият юритаётган Фарангиз Разакованинг таълим ва меҳнат фаолияти яққол мисол бўла олади.
Фарангиз Разакова 2018 йилда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириб, ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича бакалавр даражасини муваффақиятли тамомлади. Талабалик даврида илмий изланишлар билан шуғулланиб, халқаро ҳуқуқ масалаларига оид тадқиқотларда фаол иштирок этди. Ўқишдаги юқори натижалари туфайли университетнинг энг фаол ва илғор талабалари қаторидан жой олди ҳамда “Топ-50 Student” рўйхатига киритилди.
2022 йилда у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ мутахассислиги бўйича магистратура босқичига қабул қилинди. Айнан шу даврда давлат томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган имкониятлар унинг илмий фаолиятини давом эттиришида муҳим аҳамият касб этди. Президентнинг ПФ–87-сон Фармонига мувофиқ, магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.

Мазкур қўллаб-қувватлаш механизми нафақат Фарангиз Разакованинг, балки минглаб ўзбекистонлик қизларнинг илм-фан йўлида дадил одимлашига, ўз устида ишлаши ва халқаро миқёсда таълим имкониятларидан фойдаланишига кенг йўл очди.
Давлат томонидан яратилаётган имкониятларнинг яна бир муҳим йўналиши – иқтидорли ёшларни дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқитишга қаратилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятидир. Ушбу дастур орқали юзлаб ёшлар етакчи хорижий университетларда таҳсил олиб, замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштирмоқда.
Ф. Разакова ҳам 2023 йилда ушбу жамғарма стипендияси ғолиби бўлди. Юқори рақобат асосида ўтказиладиган танловда унинг академик натижалари, илмий фаолияти, хорижий тилларни билиш даражаси ва касбий салоҳияти муносиб баҳоланди. Натижада у Америка Қўшма Штатларининг нуфузли “Penn State Law” мактабида Master of Laws (ЛЛ.М.) дастурида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Таълим жараёнида халқаро ҳуқуқ, қиёсий ҳуқуқ, миграция ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари йўналишларида чуқур билим ва амалий тажриба орттирди.

Халқаро таълим тизимида ўқиш давомида у “International, Foreign and Comparative Law”, “Immigration and Migration” ҳамда “Public Interest Law” йўналишлари бўйича ихтисослашувларни муваффақиятли тамомлади. Бу эса Ўзбекистонда шаклланган ҳуқуқий таълим тизими ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсат халқаро даражадаги мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилаётганини кўрсатади.
Фарангиз Разакова халқаро миграция ҳуқуқи, қочқинлар ҳуқуқлари ва халқаро тижорат арбитражи масалаларига бағишланган қатор илмий мақолалар муаллифи ҳамдир. Унинг тадқиқотлари халқаро ҳуқуқнинг долзарб йўналишларини қамраб олиши билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда у АҚШда ташкил этилган “Femida LLC” компанияси асосчиси ва бошқарувчи маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб, халқаро ҳуқуқ, қиёсий ҳуқуқ ҳамда миграция ҳуқуқи йўналишларида профессионал хизматлар кўрсатмоқда.
Бундай ютуқлар замирида, энг аввало, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий натижалари мужассам. Зеро, сўнгги йилларда яратилган таълим имкониятлари, грант ва стипендиялар, илмий фаолиятни рағбатлантириш механизмлари ҳамда халқаро таълим дастурлари янги авлод мутахассисларининг шаклланишида муҳим омил бўлмоқда. Энг муҳими, бу имкониятлар ёшларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши ва халқаро майдонда Ўзбекистон нуфузини янада юксалтиришига хизмат қилмоқда.
ЎзА