Янги ўқув йили — янги имкониятлар билан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёш авлодга сифатли таълим бериш, улар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири. Таълим муассасаларини замонавийлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали ўқувчилар учун муносиб таълим муҳити яратилмоқда.
Наманган вилояти Чуст тумани Тошқўрғон маҳалласидаги 52-умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йили арафасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Мактаб «Шош Лойиҳа Прожект» МЧЖ томонидан 3 миллиард 747 миллион сўм маблағ ҳисобидан мукаммал таъмирланиб, замонавий таълим масканига айлантирилди. Илгари 180 ўринга мўлжалланган мактабда 497 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олган бўлса, энди таълим сифатини ошириш ва ўқувчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида қўшимча 270 ўринли янги ўқув биноси ҳам фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди.
[gallery-31040]
Янги бинонинг барпо этилиши ўқувчилар учун нафақат қўшимча жой, балки таълим жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратади. Синф хоналарининг жиҳозланиши, таълим жараёни учун зарур шароитларнинг яратилгани ўқувчиларнинг билим олиши ва ўқитувчиларнинг самарали фаолият юритишига хизмат қилади.
Мактаб жамоасининг эришиб келаётган натижалари ҳам эътиборга молик. Ҳар йили битирувчиларнинг деярли барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириши таълим даргоҳида ўқув-тарбия жараёни самарали йўлга қўйилгани, педагоглар салоҳияти ва ўқувчиларнинг билим олишга бўлган интилиши юксак эканини кўрсатади.
Янги ўқув йили арафасида яратилган ушбу шароитлар мактаб ўқувчилари учун янги марралар сари йўл очиши, уларнинг сифатли таълим олиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун қўшимча имкониятлар бериши билан аҳамиятлидир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА