“Янги Наманган” шаҳарчасида замонавий иссиқлик тизими яратилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги “Янги Наманган шаҳарчаси” ҳудудида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивини марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 мартда қабул қилинган “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган лойиҳа аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари учун замонавий, энергия самарадорлиги юқори бўлган иссиқлик инфратузилмасини барпо этишга қаратилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қуввати 25 мегаватт бўлган, ҳар бири 12,5 мегаваттдан иборат иккита қозон ўрнатиладиган қозонхона барпо этилмоқда. Бу мақсадлар учун 37,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Бугунги кунга қадар бош пудратчи томонидан 22 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Қозонхона биноси қурилиши якунланиш арафасида. Шунингдек, 2,5 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари тортилди.
2026 йил якунига қадар лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 6 минг 500 хонадонга мўлжалланган 48 та кўп қаватли уй, 3 та олий таълим муассасаси, 2 та махсус ихтисослаштирилган мактаб, 1 та соғлиқни сақлаш муассасаси ҳамда бошқа ижтимоий объектларни иссиқлик таъминотига улаш режалаштирилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида жами 60 мегаватт қувватга эга, 4 та қозон ўрнатиладиган янги қозонхона қурилади. Бу ишлар учун республика бюджетидан 167 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, шаҳарча ҳудудидаги 240 та кўп қаватли уйда жойлашган 18 минг 550 дан ортиқ хонадон, 6 та мактаб, 6 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та шифохона ҳамда 32 та нотурар объект замонавий марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади.
[gallery-31509]
Янги тизим аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва “Янги Наманган” шаҳарчаси инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА