Анжирзордаги барака манзили
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманининг хушманзара Авлиё қишлоғида анжир мавсуми қизғин паллага кирган. Қутибоевлар хонадони томорқасида етиштирилган сархил анжирни харид қилиш учун қўни-қўшнилар ва харидорлар ташриф буюрмоқда.
Бу хонадонда анжир етиштириш 30 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этиб келади. Оила аъзолари учун томорқадаги меҳнат нафақат рўзғорга қўшимча даромад, балки йиллар давомида шаклланган тажриба ва анъанага айланган.
Хонадоннинг 10 сотихли томорқасида асосан юртимизда кенг тарқалган “Сариқ анжир” нави парваришланади. Йиллик ҳосил 500 килограммгача етади. Етиштирилган маҳсулот асосан қишлоқ аҳолисига сотилади.
— Анжиримиз пишиши билан харидорлар ўзлари излаб келишади. Бозорга олиб чиқишга деярли эҳтиёж сезмаймиз. Ҳозир маҳсулотнинг бир килограммини 15–20 минг сўмдан сотяпмиз, - дейди Бувиражаб Қутибоева.
— Ҳосилнинг бир қисмидан мураббо тайёрлаб, қиш мавсуми учун ғамлаб қўямиз. Набираларимиз бу ширинликни хуш кўриб истеъмол қилади.
Анжир етиштиришда парвариш жараёнига алоҳида эътибор талаб этилади. Хонадон соҳиблари йиллар давомида орттирган тажрибаси асосида дарахтларни совуқдан асраш, суғориш, ўғитлаш ва шохларни шакллантириш ишларини мавсумга мос равишда амалга оширади.
— Кеч кузда совуқ тушишидан олдин анжир шохларини ерга ётқизиб, тупроққа кўмиб чиқамиз. Баҳорда ҳаво илиши билан очиб, темир тиргаклар ёрдамида кўтарамиз. Ариқдан оқиб ўтадиган тоғ сувидан фойдаланамиз. Вақтида маҳаллий ўғит солиб, шохларни тартибга келтирамиз. Қайси шох серҳосил эканини доим кузатиб борамиз, - дейди хонадон соҳиби Бахтиёр Қутибоев.
[gallery-31510]
Қутибоевлар томорқасида анжирдан ташқари анор, узум ва бошқа мевали дарахтлар ҳам парваришланади. Бу хонадонда томорқадан унумли фойдаланиш, меҳнат ва тажрибани уйғунлаштириш орқали оила дастурхони учун зарур маҳсулотлар етиштириш билан бирга қўшимча даромад манбаи ҳам яратилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА