Янги мавсум - ўзбек театрида жўшқин ижодий давр
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан театр жамоаларида ўтказилган «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари юртдошларимизнинг театр санъатига бўлган қизиқишини янада кучайтирди.
Айтиш керакки, мамлакатимиз давлат театрлари бу йилги ижодий мавсумни кенг кўламли ташкилий ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва замонавий премьералар билан бошламоқда.
Сентябрь ойидан эътиборан республика бўйлаб театрлар ўз пардаларини очиб, томошабинларга қатор янгиликларни тақдим этмоқда. Жорий мавсумнинг асосий ўзига хос жиҳатлари, аввало, маданият соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, театрларнинг ижодий ва молиявий имкониятларини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда репертуарларни замонавий мазмун билан бойитиш билан белгиланади.
Энг катта янгиликлардан бири — бир қатор етакчи давлат театрларига молиявий ва ижодий мустақиллик берилганидир. Эндиликда театрлар ўз штат жадвали ва лавозимларини мустақил шакллантириш, маҳаллий ҳамда хорижий режиссёр ва мутахассисларни эркин жалб қилиш, репертуар сиёсатини замон талабларига мос равишда мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлди.
Юртимиз театр жамоаларининг халқаро ҳамкорлиги ва янги лойиҳалардаги иштироки ҳам янада фаоллашмоқда. Бу йилги мавсумда хорижлик ижодкорлар билан ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайди.
Европа театрлари билан алоқалар ҳам мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Италиянинг «SILENCE» театри билан янги ижодий меморандум имзоланиб, ҳамкорлик доирасида вилоят театрларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий саҳна асарлари устида ишлаш режалаштирилган.
Мамлакатимиз театрларида биноларни янгилаш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва томошабинлар учун қулай шароитлар яратишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Чипталарни онлайн харид қилиш тизими — iTicket, Afisha.uz каби замонавий платформалар орқали янада такомиллаштирилиб, қатор академик ва драма театрларида чипталарни уйдан чиқмаган ҳолда электрон шаклда харид қилиш имконияти кенгайтирилмоқда.
Ижодий жамоалар репертуаридаги янги премьераларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбек Миллий академик драма театри янги мавсумни Ўзбекистон халқ шоири Исажон Султон асари асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир режиссёр Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган «Биринчи қалдирғоч» («Маъсума») спектакли билан бошлади. Айни пайтда туркиялик адиб Тунжер Жўжан ўғлининг «Кўчки» асари ҳам яқин кунларда томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Юртимизнинг маданият ва санъат соҳасида ўзига хос ташриф қоғозига айланган ижодий жамоа — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг янги мавсуми ҳам опера юлдузлари иштирокидаги бетакрор концертлар, янги спектакллар ва ижодий жамоаларнинг мусиқий дастурлари билан бой бўлади.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида ҳам мавсум бошидан буён томошабинларга тақдим этилган «Жадидлар», «Ҳалима», «Майсара», «Қайнона» спектакллари санъат мухлисларига манзур бўлмоқда.
Мавсум бошида тарихий сиймолар, замонавий муаммолар ва болалар учун мўлжалланган кўплаб янги асарлар саҳна юзини кўрмоқда. Ёшлар ва драма театрларида миллий қаҳрамонлар, жумладан, чет элда таҳсил олган Туркистон ёшлари ҳақидаги «Qasamyod», реал воқеаларга асосланган «Kazbek: Qahramon taqdiri» сингари жиддий драматик асарлар репертуардан жой олди.
Қўғирчоқ театрлари ва болалар театрларида ҳам мавсум бошидаёқ кичик томошабинлар учун «Sehrli urug‘» каби янги талқиндаги, замонавий ва тарбиявий аҳамиятга эга эртак-спектакллар тақдим этилмоқда.
Бу янгиланишлар замирида, шубҳасиз, ўзбек театр санъатини фақат маънавий ҳордиқ маскани эмас, балки жамиятнинг энг долзарб муаммоларини акс эттирувчи, инсон ва жамият ўртасида жонли мулоқотни таъминловчи ижодий майдонга айлантириш мақсади ётибди. Театрларга молиявий ва ижодий мустақиллик берилиши уларни йиллар давомида тўпланиб қолган бюрократик қолиплардан халос этиб, соҳага соғлом ижодий рақобат муҳитини олиб кириши кутилмоқда.
Эндиликда саҳна асарларининг сифати ва томошабинлар ташрифи театрнинг ижодий ҳаётийлиги ва иқтисодий барқарорлигини белгиловчи муҳим мезонларга айланмоқда. Хорижлик маҳоратли режиссёрлар билан ҳамкорликнинг кучайиши эса миллий актёрлик мактабимиз анъаналарини жаҳон саҳнасидаги замонавий тенденциялар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Репертуарларнинг мазмунан янгиланиши, хусусан, тарихий ҳақиқатлар ва замондошларимизнинг ички кечинмаларига урғу берилаётгани томошабинлар дунёқарашини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Инфратузилма ва рақамли тизимларнинг ривожланиши эса санъат ва халқ ўртасидаги масофани янада яқинлаштириб, театрни кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантирмоқда.
Бугунги театр — бу шунчаки декорациялар ва чироқлар мажмуаси эмас, балки халқнинг қалб уришини, замон нафасини кўрсатиб берувчи жонли кўзгу. Ушбу ижодий мавсум, ҳеч шубҳасиз, ўзбек театри тарихида янгиланишлар ва янги ижодий изланишлар даври сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири