Паркентда «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси бошланди
Бугун, 7 сентябрь куни режиссёр, драматург, композитор ва рассомларни бир нуқтада бирлаштирган «Нигоҳ» ижодий лойиҳасига старт берилди.
Лойиҳа иштирокчиларининг Паркент туманида жойлашган «Паркент» ижод уйига етиб келиши, белгиланган тартибда кутиб олиниши ва жойлаштирилиши ташкил этилди. Шунингдек, иштирокчилар учун тадбир доирасидаги ташкилий жараёнларни самарали йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Лойиҳа доирасида «Театр санъатида ижодий ҳамкорлик тамойиллари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев, театршунос олимлар Гўзал Ҳолиқулова ва Омонулла Ризаев ҳамда бошқа соҳа мутахассислари мамлакатимизда театр санъатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ёш ижодкорларнинг маҳоратини ошириш бўйича амалга оширилаётган ижодий лойиҳалар хусусида батафсил сўзлади.

Давра суҳбати давомида театр санъатини ривожлантириш, ижодий жараёнларда замонавий ёндашувларни қўллаш, режиссёр, драматург, композитор ва рассомлар ўртасидаги ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида соҳа мутахассислари ва ижодкорлар томонидан театр санъатининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ёш ижодкорларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда замонавий саҳна асарларини яратиш борасида таклифлар илгари сурилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, келгусида ижодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашди.
Н.Усмонова, ЎзА