Янги лойиҳалар – туризм тараққиётига хизмат қилади
Тошкент вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида халқаро тажрибани ўрганиш ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Режеб Гедук бошчилигидаги туркиялик инвесторлар билан учрашувда соҳадаги муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, меҳмонхоналар ва бошқа туристик объектлар учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда меҳмондўстлик хизматлари сифатини яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди.

Хусусан, Бўстонлиқ туризм ва маданий мерос техникуми ҳузурида халқаро туризм касбий тайёргарлик марказини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳудуддаги Халқаро меҳмонхона ва туризм мактабини реконструкция қилиш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш ва соҳа ходимларининг касбий малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Лойиҳа доирасида меҳмонларни кутиб олиш ва бронлаш, хизмат кўрсатиш, ошпазлик ҳамда ресторан хизмати каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Бунда назарий билимларни амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш, ўқувчиларнинг меҳмонхоналар, ресторанлар ва дам олиш мажмуаларида амалий тажриба орттиришини таъминлаш режалаштирилган.

Учрашувда кадрларнинг касбий малакасини ошириш, хорижий тилларни ўргатиш ҳамда белгиланган талаблар асосида айрим йўналишлардаги мутахассисларни Туркия давлатида малака оширишга юбориш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Бўстонлиқ туманида 2026–2028 йилларда 128 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 8 минг 30 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши туризм ва меҳмондўстлик соҳасида малакали мутахассисларга бўлган талабни янада оширади.

Таклиф этилаётган халқаро касбий тайёргарлик маркази ҳудудда кадрлар тақчиллигини камайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва туризм соҳасида замонавий касбий таълим тизимини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Томонлар мазкур саъй-ҳаракатларни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашди.
А.Мусаев,ЎзА