Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда тадбиркорлар ҳамда тегишли давлат органлари учун янги вазифалар белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 октябрь куни “Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, эндиликда сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардаги туризм объектларида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар томонидан бир қатор талабларга риоя этилиши белгиланди. Булар қуйидагилардан иборат.
– Қутқарув қайиқлари, кузатув миноралари ва сув чуқурлиги кўрсаткичлари ўрнатилиши;
– Об-ҳаво билан боғлиқ хавфлар ҳақида огоҳлантирувчи белгилар, видеокузатув ва сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши;
– Қутқарув хизмати ташкил этилиши ёки профессионал қутқарувчилар навбатчилигини йўлга қўйилиши;
– Кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган иншоотлар (базалар)дан хавфсиз фойдаланиш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши мажбурий ҳисобланади.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Мазкур талабларнинг амалий ижросини таъминлаш, шунингдек, тезкор ва малакали ёрдам тизимини яратиш мақсадида давлат органларининг ҳам аниқ вазифалари белгилаб берилди.
Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда:
– Ташкил этилган махсус қутқарув отряди учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Қутқарувчиларни тайёрлаш техникумида дуал таълим асосида сув объектларида қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш касбий таълим йўналиши бўйича ғаввос-қутқарувчилар тайёрланишини ташкил этади;
– Туризм объектларида хизмат кўрсатувчи ходимлар, кўнгилли қутқарувчи ва волонтёр ёшлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий ўқув марказларида белгиланган тартибда фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш ва биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув курсларида ўқитилишини таъминлайди.
Кадрлар тайёрлаш ва аҳолини ўқитиш билан бир қаторда, инфратузилмавий хавфсизликни олдиндан баҳолаш ва кутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш тизими ҳам тубдан такомиллаштирилади.
Яна бир муҳим жиҳати, сув, сел-сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда жойлаштириладиган туризм объектларида фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш, ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сел-сув тошқинлари, тўғон авариялари, кўчки, ёнғин ва бошқа хавфли жараёнларни ҳисобга олган ҳолда мажбурий хавф таҳлили ўтказилади ҳамда хавфсизлик паспортлари ишлаб чиқилади.
Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда жойлаштирилган туризм объектларида фавқулодда вазиятларда аҳоли ва сайёҳларни тезкор огоҳлантириш, хавфсиз эвакуация қилишни таъминлаш мақсадида сирена ва овозли хабар бериш қурилмалари, хавфдан огоҳлантириш белгилари ва QR кодли эвакуация хариталари ўрнатилиши ҳамда SMS-хабарномалар орқали тезкор огоҳлантириш тизими босқичма-босқич жорий этилади ва уларнинг барқарор ишлаши таъминланади.
Ушбу жисмоний хавфсизлик чораларини замонавий ахборот технологиялари билан уйғунлаштириш орқали инсон омилисиз, автоматик тарзда ишлайдиган рақамли назорат тизимларини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ташаббускор тадбиркорлик субъектлари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган манбалар ҳисобидан тегишли мастер-режалар асосида ташкил этилган туризм объектларида сунъий интеллект ва видеокузатув технологиялари ёрдамида сувда чўкиш хавфи, тақиқланган ҳудудларга кириш ва оммавий тўпланиш ҳолатлари бўйича реал вақт режимида қутқарув хизматларига тезкор хабар бериш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
2027 йил 1 июнга қадар сув омборларида сув сатҳи ва гидрологик ҳолатни онлайн кузатиш, фавқулодда вазиятларни барвақт аниқлаш, метеостанциялар ҳамда геоахборот тизимлари маълумотларини умумлаштириб, қайта ишловчи электрон ахборот тизими ишга туширилади.
Мазкур қарор сув омборлари ҳудудида туризмни ривожлантириш билан бирга, ҳар бир дам олувчининг ҳаёти ва дахлсизлигини илғор технологиялар ҳамда тизимли ёндашув орқали кафолатлашга хизмат қилади.
ЎзА