“Янги кун” – эътибор ва ғамхўрлик маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, оила аъзоларига кўмак беришга қаратилган ижтимоий хизматлар кўлами кенгаймоқда.
Шундай хизматлардан бири – “Янги кун” кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати. У ногиронлиги бўлган шахсларни кундузги вақтда парваришлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижтимоийлашувини қўллаб-қувватлаш ҳамда турли фойдали машғулотларга жалб этишга йўналтирилган.
Тадбиркор Сабоҳат Ҳасанова ташаббуси билан ташкил этилган “Янги кун” хизматига айни пайтда 18 нафар ногиронлиги бўлган шахс қамраб олинган.
Бу ерда ҳар бир фойдаланувчининг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, кун давомида турли машғулотлар ташкил этилади. Мулоқот ва ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган тадбирлар ҳам мунтазам ўтказиб борилади.
[gallery-31056]
Муҳими, мазкур хизмат ногиронлиги бўлган яқини доимий парваришга муҳтож оилалар учун ҳам катта енгиллик яратади. Улар кундузги вақтда ўз меҳнат фаолияти ёки бошқа юмушлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади.
Вилоятда “Янги кун” хизматига эҳтиёж юқори экани фуқаролар мурожаатларида ҳам намоён бўлмоқда. Жумладан, 17 август ҳолатига кўра, мазкур хизматни ташкил этиш истагида бўлган 26 нафар тадбиркордан ариза қабул қилиниб, 11 нафари билан битим имзоланган.
Шунингдек, хизматдан фойдаланиш истагида бўлган 347 нафар фуқародан ариза қабул қилинган. Уларнинг 173 нафарига Ижтимоий-психиатрик-тиббий комиссия томонидан тегишли хулосалар берилган.
Йил якунига қадар вилоятда “Янги кун” хизматини сифатли йўлга қўйиш, 20 нафар тадбиркор билан битим тузиш ҳамда 350 нафардан зиёд 18 ёш ва ундан катта ногиронлиги бўлган шахсни қамраб олиш режалаштирилган.
Бу саъй-ҳаракатлар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш ва оилаларига кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА