Янги ижтимоий ҳимоя тизими
Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ижтимоий ҳимоясини ишончли таъминлаш ва давлат хизматларини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланган. Айниқса, рақамли технологияларни ижтимоий соҳага кенг жорий этиш орқали хизматларни тезкор, шаффоф ва инсон омилидан холи тарзда кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар аҳоли манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Шу эзгу мақсадлар йўлида давлат ижтимоий суғуртаси тизими ҳам мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби амалиётга жорий этилиши мамлакатимиз ижтимоий ҳимоя тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу тизим фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, нафақаларни ўз вақтида ва адолатли тўлаш ҳамда ортиқча қоғозбозликни бартараф этишга қаратилган.
Янги тартибнинг мазмун-моҳиятини давлат ташкилотлари ва муассасалари масъул ходимларига чуқур тушунтириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан кенг қамровли ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Навбатдаги амалий семинарлар Бухоро шаҳридаги Касбий кўникмалар маркази, Бухоро педагогика институти ҳамда Бухоро тумани Тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтди. Уларда давлат ташкилотлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, кадрлар хизмати ходимлари, бухгалтерлар ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари иштирок этди.
Семинарлар давомида янги тартибнинг ҳуқуқий асослари, уни жорий этишдан кўзланган мақсадлар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тайинлаш ва молиялаштириш механизмлари, электрон ахборот тизимлари орқали амалга ошириладиган жараёнлар ҳамда иш берувчиларнинг масъулияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Мутахассислар иштирокчиларга янги тизимнинг афзалликларини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб, амалиётда учраши мумкин бўлган турли вазиятлар юзасидан ечимлар таклиф қилди. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш, нафақаларни ҳисоблаш, электрон платформалардан самарали фойдаланиш ва амалдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича ҳам батафсил тавсиялар берилди.
Тадбирнинг савол-жавоб қисми айниқса қизғин кечди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича бевосита мутахассисларга мурожаат қилиб, ҳар бир саволга амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида аниқ ва асосли жавоблар олдилар. Бу эса янги тартибни барча ташкилотларда бир хил ёндашув асосида тўғри қўллаш ва эҳтимолий муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Семинарларда давлат ижтимоий суғуртаси тизимини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, хизматларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар учун қулай электрон хизматларни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, рақамли ечимлар орқали нафақаларни тайинлаш жараёни янада содда, тезкор ва ишончли бўлади.
Мутахассисларнинг фикрича, 2026 йил 1 июлдан амал қиладиган янги тизим фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини янада мустаҳкам ҳимоя қилиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини ўз вақтида ва шаффоф тарзда тўлаш, иш берувчилар ҳамда давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири