Ўзбекистон байроғи халқаро робототехника майдонида баланд кўтарилди
Озарбайжонда бўлиб ўтган "World Robot Caspian Cup 2026" халқаро мусобақасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, катта ютуқларга эришди.
Дунёнинг турли мамлакатларидан энг кучли жамоалар иштирок этган нуфузли мусобақада ТАТУдан жами 5 та жамоа қатнашди. Қувонарлиси, уларнинг 4 таси финал босқичига йўлланма олди ва 3 та жамоа совриндорлар қаторидан жой олди. Бу натижа нафақат университет, балки Ўзбекистон робототехникаси тарихидаги энг ёрқин ва муҳим ютуқлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Хусусан, “TUIT Hawk” жамоаси хакатон йўналишида фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Жамоага Муниса Исломова раҳбарлик қилди. Унинг таркибида Искандар Шомурадов, Гауҳар Байматова, Муродил Нурмаматов ва Сабина Носирова иштирок этди.
Шунингдек, “SU-Drone Soccer” жамоаси ҳам дрон футбол йўналишида тенгсиз эканини исботлаб, 1-ўринга муносиб топилди. Жамоага Адизбек Эргашев менторлик қилди.

Яна бир муҳим натижа — “TUIT Falco” жамоасининг Drone FPV йўналишида халқаро 2-ўринни эгаллагани бўлди. Бу жамоага Аслиддин Бобоқулов раҳбарлик қилди. Таркибда Мирзабек Ирисқулов, Отажон Муротбоев ва Асадбек Нуруллоев фаол қатнашди.
Мусобақада Иордания, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Саудия Арабистони, Озарбайжон, Арманистон ва Грузия каби давлатларнинг кучли жамоалари иштирок этди. Айрим мамлакатлар 8–10 тадан ортиқ жамоа билан қатнашганига қарамай, ўзбекистонлик ёшлар билим, технология ва инновацион ечимлар борасида юқори салоҳиятга эга эканини амалда исботлади.
Бу каби ютуқлар мамлакатимизда робототехника, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаси жадал ривожланаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бу ғалаба ўзбекистонлик ёшларнинг глобал рақобат майдонида муносиб ўрин эгаллашга қодир эканини яна бир бор намоён қилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА