Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотларнинг муҳим тафсилотларини тақдим этади.

Филиппин ва Вьетнам муносабатларни кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтармоқчи. Томонлар Жанубий Хитой денгизида тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, икки давлат мудофаа, хавфсизлик, таълим, туризм ва иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувга эришди.

Хитой. Сербия Президенти Александр Вучич Шанхай шаҳрида Хитой Коммунистик партияси юқори лавозимли вакили Чэнь Динин билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, Сербия маҳсулотлари Хитой бозорига янада чуқурроқ кириб бориш ҳамда мавжуд алоқани мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Вучич Хитой билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган стратегик шерикликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдириб, Чэнь Дининни Белградга таклиф қилди.

Франция Президенти Эммануэль Макрон Парижда Индонезия Президенти Прабовони давлат ташрифи доирасида қабул қилди. Учрашув ўзаро ҳамкорлик жадал ривожланаётганини яна бир бор тасдиқлади. Макрон таъкидлашича, Индонезия Франциянинг муҳим стратегик ҳамкоридир. Томонлар икки давлат стратегик шериклигини янада юқори босқичга кўтаришга келишиб олди.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Деҳлида Кипр Президенти Никос Христодулидис билан учрашди. Мулоқот давомида дўстона алоқаларни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Моди учрашув самарали, дўстона руҳда ўтганини таъкидлаб, Ҳиндистон ва Кипр ҳамкорлиги келгусида янада кенгайишини билдирди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Хорватия Президенти Зоран Миланович ва хорват халқини Давлатчилик куни билан табриклади. Табрикда кўп йиллик ҳамкорлик юқори баҳоланиб, турли соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёрлик таъкидланган. Шунингдек, Тоқаев Милановичга давлат хизматидаги фаолиятида муваффақият, хорват халқига эса тинчлик-фаровонлик тилади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА