Яккабоғдаги сел: вазият назоратга олинди, талафотлар кузатилмади
Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудларида кейинги икки-уч кундан буён кузатилаётган кучли ёғингарчилик айрим ҳудудларда сел оқимларининг юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Ижтимоий тармоқларда бу борада турли хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 19 май куни Яккабоғ туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида юз берган сел ҳақидаги хабарлар жамоатчилик эътиборини тортди.
ЎзА мухбири воқеа жойида бўлиб, юзага келган ҳолатни ўрганди.
Сел сувлари кирган хонадон эгалари билан суҳбатда маълум бўлишича, ёғингарчилик қисқа вақт ичида кучайиб, вазият кескин тус олган.
– Ёмғир кучли шамол билан бошланди, кейин дўл ёға бошлади. Уй ёнидан ўтган сойнинг суви кўпайгач, автомашинамни хавфсиз жойга олиб чиқмоқчи бўлдим, аммо улгурмадим, – дейди хонадон эгаси Рауп Юсупов. – Сув тез кўтарилиб, ҳовлига кириб келди. Оқим жуда кучли эди. Бир неча дақиқа ичида ҳовли сувга тўлди. Машина ҳам жойидан силжиб кетди. Энг муҳими, ҳеч кимга зарар етмади. Ёшим 65 дан ошган бўлса-да, бу даражадаги селни илгари кўрмаганман.
Сел тасвирлари тарқалган тикувчилик цехида ҳам бўлдик. Цех масъуллари сел оқими қисқа вақтда катта хавотир уйғотганини айтади.
– Тушдан кейин соат 15:30 лар атрофида сел кела бошлади. Цехимиз сой бўйида жойлашгани учун ходимлар қаттиқ қўрқиб кетди. Кучли сув оқими ташқи инфратузилмага ҳам таъсир қилди. Бироқ тезкор чоралар кўрилгани вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам берди, – дейди Шахло Тоғаева.
Маълум бўлишича, туманнинг аҳоли орасида “посёлка” номи билан танилган қисмида бу каби ҳолатлар аввал ҳам кузатилган. Шу боис мутасадди ташкилотлар бундай вазиятларга тайёр ҳолатда фаолият юритади.
Туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбари Сафар Суюновнинг таъкидлашича, кучли ёғингарчилик оқибатида ички йўллар ва асосий қатнов қисмларига лойқа ҳамда чиқиндилар йиғилиб қолган.
– Ҳодиса ҳақида хабар олишимиз билан туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудга етиб келди. Махсус техникалар жалб қилиниб, қисқа вақт ичида йўллар тозаланди ва транспорт ҳаракати тикланди. Ҳозирда ҳам ўндан ортиқ техника иш олиб бормоқда. Зарарланган ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам давом этмоқда, – дейди у.
Фавқулодда вазиятлар бўлими маълумотига кўра, сел оқибатида инсонлар жабр кўрмаган.
[gallery-29539]
– Воқеа ҳақида хабар тушиши билан тегишли хизматлар зудлик билан ҳудудга етиб борди, – дейди Яккабоғ туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Рустам Эшназаров. – Ҳеч ким жароҳат олмаган, транспорт ҳаракати тўхтатилмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Автомашиналарни сув оқизиб кетмаган, кучли оқим уларни қисман силжитган, холос.
Қувонарлиси, ҳодиса жиддий талафотларга сабаб бўлмади. Айни пайтда мутахассислар ёғингарчилик кузатилаётган кунларда эҳтиёткорлик чораларига қатъий риоя қилиш, айниқса, ҳаракатланиш вақтида хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ҳамда расмий огоҳлантириш ва тавсияларни инобатга олиш муҳимлигини таъкидламоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари