Волейбол: “Осиё кубоги-2026”да Ўзбекистон аёллар жамоасининг рақиблари маълум
Осиё волейбол конфедерацияси куни кеча аёллар ўртасида ўтказилиши кутилаётган “AVC Women’s Volleyball Cup – 2026” мусобақасининг санаси ва манзилини эълон қилди.
Унга кўра, аёллар жамоалари ўртасида ўтказиладиган Осиё кубоги мусобақалари 6-14 июнь кунлари Филиппиннинг Кандон шаҳрида бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли турнирда иштироки кутилаётган Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси қуръа натижаларига кўра, “А” гуруҳидан жой олди.
Волейболчи қизларимиз мазкур гуруҳда Филиппин, Хитой Тайпейи, Жанубий Корея, Қирғизистон ва Австралия жамоалари билан куч синашади.
Осиё қитъасининг кучли аёллар терма жамоаларини бир майдонда жамлаб, юқори даражадаги рақобат ва бой халқаро тажриба алмашинувини таъминлайдиган кубок мусобақаларининг “Б” гуруҳида Вьетнам, Қозоғистон, Эрон, Индонезия, Гонгконг, Ливан жамоалари баҳс олиб боради.
Т.Рўзиев, ЎзА