Венгрия — туркий дунё фоторассомлари нигоҳида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Туркий давлатлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқларнинг муштарак тарихий ва маданий илдизларини кенг тарғиб этиш мақсадида Туркий маданият халқаро ташкилоти — ТУРКСОЙнинг 20 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 12–22 август кунлари Венгрияда Қурултой ва қатор маданий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирлар доирасида «20-TURKSOY фоторассомлар учрашуви» ҳам ташкил этилди. Халқаро ижодий лойиҳада етти давлатдан 13 нафар профессионал фоторассом иштирок этди.
Фототур қатнашчилари Венгриянинг турли ҳудудларига сафар қилиб, мамлакатнинг бой тарихи ва маданий мероси, миллий урф-одат ва анъаналари, замонавий ҳаёти ҳамда бетакрор табиати билан яқиндан танишди. Иштирокчилар сафар давомида ўзларида уйғотган таассурот ва кечинмаларни фотообъектив орқали муҳрлаб, Венгриянинг ўзига хос қиёфасини турли ижодий нигоҳларда акс эттирди.
[gallery-31029]
Учрашув доирасидаги муҳим тадбирлардан бири Венгрияда ўтказилган Буюк ҳун-турк Қурултойи бўлди. Фоторассомлар мазкур тадбир жараёнидаги отлиқ ўйинлар, миллий либослар, урф-одат ва маросимлар, маданий чиқишлар, шунингдек, туркий халқларга хос анъана ва қадриятларни тасвирга олди. Шу тариқа Қурултойнинг ўзига хос муҳити, миллий руҳи ва кўтаринки кайфияти фотосуратларда ўз ифодасини топди.
Халқаро ижодий лойиҳада Ўзбекистон номидан таниқли фоторассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Рустам Шарипов ҳам иштирок этди. У Венгриянинг тарихий қадамжолари, меъморий обидалари, миллий маданияти, урф-одатлари ва табиатини ўз ижодий нигоҳида акс эттирди.
Фоторассомнинг мазкур халқаро лойиҳадаги иштироки Ўзбекистон фотосанъати вакиллари учун ижодий тажриба алмашиш, хорижий ҳамкасблар билан янги алоқалар ўрнатиш ва мамлакатлар ўртасидаги маданий мулоқотни санъат орқали бойитиш учун муҳим имконият бўлди.
Фототур якунига кўра иштирокчилар томонидан суратга олинган энг сара фотосуратлардан иборат кўргазма ташкил этилди. Экспозициядан Венгриянинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор масканлари, табиат манзаралари, миллий қадриятлари, урф-одатлари ҳамда халқнинг кундалик ҳаётини акс эттирган фотоасарлар ўрин олди.
Мазкур халқаро ижодий лойиҳа туркий халқларнинг муштарак тарих ва маданий қадриятларини янада кенг намоён этиш, фоторассомлар ўртасида ижодий мулоқот ва тажриба алмашинувини кучайтириш, шунингдек, маданий меросни замонавий санъат воситалари орқали тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.
ЎзА суратлари