Озарбайжон депутати: Боку – Тошкент ҳамкорлиги Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғламоқда
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари дўстлик ва қардошликка асосланган яқин алоқалардан стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти, юқори даражадаги ўзаро ташрифлар ва турли соҳалардаги қўшма лойиҳалар икки мамлакат ҳамкорлиги изчил ривожланаётганини кўрсатмоқда.
Бу ҳақда Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Хонлар Фотиев АзерТАЖга маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи олдидан берган интервьюси икки давлат муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболини баҳолашда муҳим аҳамиятга эга.
Ноиб фикрича, сўнгги беш йил давлат раҳбарлари даражасида ташкил қилинган 15 ўзаро ташриф ва мунтазам мулоқот икки томонлама сиёсий ишончни янада мустаҳкамлади. Президент Илҳом Алиевнинг бу галги ташрифи ҳам стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янги ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Иқтисодий ҳамкорликдаги ўсиш кўрсаткич ўзаро алоқалар амалий мазмуни бойиб бораётганидан далолат. 2025 йил ўзаро товар айирбошлаш қиймати 795 миллион долларни ташкил этиб, бир йилда уч баробар ошган. Энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризм соҳаларидаги қўшма лойиҳалар иқтисодий шериклик кўламини кенгайтирмоқда.
Фузулий шаҳридаги 100 гектарлик анор боғи, “Chevrolet” ва “Isuzu” автомобилларини биргаликда ишлаб чиқариш, Тошкентда меҳмонхона ва турар жой мажмуалари барпо этиш, шунингдек Тошкент вилоятида “Sea Breeze Uzbekistan” туризм ва турар жой мажмуасини ташкил этиш каби лойиҳалар ҳамкорлик самарасини намоён этмоқда. Яқин истиқболда яшил энергетика икки мамлакат иқтисодий шериклигининг муҳим йўналишларидан бирига айланиши кутиляпти.
Ўзбекистон ва Озарбайжон халқаро ҳамда минтақавий платформаларда ҳам яқин ҳамкорлик қилмоқда. 2025 йил ноябрь ойида Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли иштирок этиши бўйича қарор қабул қилингани минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди. Шу тариқа аввал C5 сифатида шаклланган ҳамкорлик формати амалда C6 кўринишига келиб, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги сиёсий-иқтисодий алоқани янада мустаҳкамлади.
Депутат таъкидлашича, Ўзбекистон – Озарбайжон шериклиги икки минтақа ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини кучайтириш, Ўрта йўлакдан самарали фойдаланиб, ягона геоиқтисодий макон шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бу жараён Марказий Осиё давлатларининг ташқи бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтириб, икки минтақа ўзаро боғлиқлигини кучайтирмоқда.
Сўнгги йилларда Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабати янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон билан шаклланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик эса энг муҳим йўналишлардан бири сифатида икки минтақа ўртасидаги сиёсий ишонч, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА