Венчур бозорида янги ҳамкорликлар йўлга қўйилди
Тошкент шаҳридаги венчур молиялаштиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “UzVC” Миллий венчур фонди томонидан ҳамда “UzVC” ва “Big Sky Capital” халқаро венчур фондлари ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижий инвесторлар, стартап асосчилари ва соҳанинг етакчи вакиллари иштирок этди.
Унда сўз олганлар қайд этганидек, бугунги кунда венчур бозори нафақат стартаплар учун капитал манбаи, балки тажриба, менторлик ва глобал алоқаларга чиқиш имкониятини ҳам тақдим этмоқда. Айниқса, сунъий интеллект, финтех каби йўналишларда венчур сармоялар кескин ўсиб, иқтисодиётнинг янги драйверига айланяпти. Марказий Осиёда ҳам венчур экотизими босқичма-босқич шаклланиб, минтақанинг халқаро инвесторлар учун жозибадорлиги ортиб бормоқда.

Шунга кўра, ушбу тадбирда бозор иштирокчилари ўртасида самарали мулоқот ва профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, венчур бозорининг жорий ҳолати, сунъий интеллектнинг инвестиция жараёнларидаги ўрни ва стартап экотизимини ривожлантириш масалалари атрофлича таҳлил этилди.
Панель муҳокамаларида экспертлар Марказий Осиё стартап экотизимининг ривожланиш тенденциялари, инвестиция имкониятлари ва глобал бозорларга чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, ривожланаётган бозорларни баҳолаш мезонлари ва халқаро инвесторлар учун жозибадор йўналишлар ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбир доирасида “UzVC” ва “Big Sky Capital” халқаро венчур фондлари ўртасида ҳамкорлик расман эълон қилинди. Унга кўра, томонлар Ўзбекистон ва минтақадаги юқори салоҳиятли компанияларга биргаликда инвестиция киритишни режалаштирмоқда.
Тадбир якунида ҳамкорликларни янада кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар белгиланиб, иштирокчилар ўртасида норасмий мулоқот ташкил этилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА