Сенат: инфляция даражасини янада пасайтириш, тўлов тизимлари хавфсизлигини таъминлаш зарур
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Марказий банк фаолиятида асосий эътибор иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляция даражасини пасайтириш ва уни ўрта муддатли 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга яқинлаштириш, пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш, шунингдек, молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилгани қайд этилди.

Ҳисобот даврида мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишни намоён этиб, ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ошган. Умумий инфляция пасайиб, йил якунида 7,3 фоизни ташкил этган ва 2024 йилга нисбатан 2,5 фоизга камайган. Базавий инфляция ҳам 5,7 фоизгача секинлашган.
2025 йилда Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиз даражасида белгиланиб, йил давомида ушбу даражада сақлаб қолинган. Пул бозоридаги операциялар ҳажми 783 триллион сўмни ташкил этган.

Молиявий секторда ижобий натижалар қайд этилган. Жумладан, банклар активлари 925 триллион сўмга етган, иқтисодиётга кредит қўйилмалари 653 триллион сўмни ташкил этган, ажратилган кредитлар ҳажми 390 триллион сўмга етган. Микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 131 триллион сўм кредит ажратилган, 3,46 миллион кишининг бандлиги таъминланган.
Банк тизими барқарорлиги кўрсаткичлари яхшиланиб, капитал монандлиги 18,3 фоизни ташкил этган ва белгиланган минимал талаблардан юқори даражада сақланган. Муаммоли кредитлар улуши 4 фоиздан 3 фоизгача пасайган.
Валюта бозорида ижобий динамика кузатилиб, миллий валюта АҚШ долларига нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланган. Халқаро захиралар ҳажми 66,3 миллиард долларга етиб, 61 фоизга ошган.

Тўлов тизимлари ва рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш борасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган. Хусусан, мобиль иловалар орқали амалга оширилган операциялар ҳажми 646 триллион сўмни ташкил этиб, 1,6 баробарга кўпайган.
Мажлисда сенаторлар инфляция даражасини янада пасайтириш, пул-кредит сиёсати воситаларини такомиллаштириш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, тўлов тизимлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда киберхавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирди.
Муҳокама якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА