“Вазир кубоги”нинг ғолиблари аниқланди
Хоразм вилоятида хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
Мусобақада шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этиб, майдонда ҳақиқий спорт руҳи, жамоавий ҳамжиҳатлик ва юксак маҳорат намоён бўлди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар давомида жамоалар ғалаба учун бор имкониятларини ишга солди. Ҳар бир учрашув томошабинларга унутилмас таассуротлар улашди.
Якуний натижаларга кўра, Шовот туманидаги 19-сон умумтаълим мактаби жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
[gallery-29523]
Урганч туманидаги 7-сон умумтаълим мактаби жамоаси 2-ўринни, Янгибозор туманидаги 29-сон умумтаълим мактаби жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА