“ДХХ кубоги”: Попда финалчилар номи аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманида “ДХХ кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақанинг ярим финал босқичида Чодак ва Тепақўрғон маҳаллалари ёшлари ўртасида кечган учрашув мухлисларга ҳақиқий футбол драмасини тақдим этди.
Муросасиз кечган баҳснинг асосий вақтида ҳисоб 2:2 кўринишида якунланиб, ғолиб номи пеналтилар сериясида аниқланди. Унда Тепақўрғон маҳалласи ёшлари совуққонлик ва аниқ ҳаракатлари билан устун келиб, финалга йўл олди.
Навбатдаги ярим финал учрашувида Пиллакаш ва Келачи маҳаллалари жамоалари майдонга тушди. Қизғин ва кескин руҳда кечган баҳсда ҳал қилувчи вазиятлардан самарали фойдаланган Келачи маҳалласи ёшлари ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шу тариқа, финалда Тепақўрғон ва Келачи маҳаллалари жамоалари ўзаро куч синашди. Юқори кайфият ва муросасиз курашларга бой ўтган ҳал қилувчи баҳсда Келачи маҳалласи ёшлари чемпионлик руҳини намоён этиб, ғалабани қўлга киритди ҳамда мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма соҳибига айланди.
[gallery-29522]
Мусобақанинг тақдирлаш маросими тантанали руҳда ташкил этилди. Унда туман ҳокими Ғ. Муродхўжаев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Беллашувлар давомида фаоллик, жамоавийлик ва юқори спорт маҳоратини намоён этган ёшлар муносиб тақдирланиб, ғолиб ва совриндорларга медаль, кубок ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Таъкидланганидек, бундай мусобақалар ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ватанпарварлик ва жамоавийлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА