“Ватанимиз – Ўзбекистон” номли бадиий кеча ўтказилди
Ҳадемай она-Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик шонли санасини кенг нишонлаймиз. Шубҳасиз, бу халқимиз учун энг улуғ ва энг азиз байрам! Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатимиз тарихида янги бир довон, катта ютуқлар ва ислоҳотлар сарҳисоби бўлади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ягона Ватан ва умумий келажак сари” шиори остида ўтказилаётган “Дўстлик адабиёти ҳафталиги” доирасида “Ватанимиз – Ўзбекистон” номли кенг қамровли бадиий кеча бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра ушбу табаррук айём бу йил ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда нишонланади.
[gallery-29026]
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, таниқли шоира Фарида Афрўз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Ашур, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз шоира Шарифа Салимова, таниқли адиб ва таржимон, адабиётшунос олим Хуррам Раҳим, атоқли шоир Муҳаммад Исмоил, журналист Ашурали Боймурод ва бошқалар 35 йил давомида энг катта ютуғимиз – юртимиздаги тинчлик ва миллатлараро тотувлик эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, сўнгги йиллардаги шиддатли ислоҳотлар натижасида дунё ҳамжамиятида юртимизнинг обрўси янада ошди. Иқтисодиёт, таълим ва рақамлаштириш соҳаларида катта қадамлар ташланмоқда. Мустақиллик тенгдошлари вояга етиб, турли соҳаларда юрт байроғини баланд кўтаришмоқда. Улар — Янги Ўзбекистоннинг асосий кучи. Тилимиз, динимиз, урф-одатларимиз ва бой тарихий меросимиз тикланиб, халқимизнинг ғурури янада юксалди.
35 йиллик сана бу нафақат байрам, балки ўтган йўлимизни сарҳисоб қилиш ва янада юксак мақсадлар сари бирлашиш рамзидир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам истиқлолимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Адабиёт байрамлари”, устоз ижодкорлар иштирокида давра суҳбатлари, китобхонлик тадбирлари, ижодий танловлар, “Маърифат карвони” лойиҳалари, жонли ижодий мулоқотлар, истиқлолга бағишланган янги китоблар тақдимотини ўтказишни режалаштирган.
Адабий тадбирда Ватанимиз, мустақиллигимиз, юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини тараннум этувчи шеърлар янгради.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари