“Бойсун баҳори” учун шерободлик ошпазлар томонидан махсус улкан тандир ясалди
Хабарингиз бор бир неча кундан сўнг “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига старт берилади. Ушбу оламшумул байрамнинг ҳар бир лаҳзаси тарихга муҳрланади.
Жорий йилнинг 1-7 май кунлари ўтадиган фестивалда 40 дан ортиқ давлатдан 100 дан зиёд фольклор жамоалари иштирок этиши кутилмоқда.
Иштирокчилар унда асрий анъаналар, қўли гул ҳунарманд, уста кулоллар ишидан баҳраманд бўлиш баробарида маҳорат дарсларини олади, биргаликда гилам тўқиши, кулолчилик буюмини ясаши, санъат асарини яратиши мумкин.
Шу билан бирга, фестиваль учун шерободлик ошпазлар томонидан махсус улкан тандир ясалди. Унинг бўйи икки ярим, эни эса уч метр, айлана диаметри эса 12 метр квадратни ташкил этиб, бир вақтнинг ўзида 10-15 та бутун қўй гўштини пишириш мумкин.
Тандир махсус ғиштлар билан пишиқ ва мустаҳкам қилиб ясалган. Ошпазлар унда тандир гўштни сифатли тайёрлаши учун олов иссиқлигининг тенг тақсимланишига эътибор қаратишади. Бу эса ўз-ўзидан гўштнинг серсув ва хушхўр бўлиб пишишини таъминлайди.
Фестивалда машҳур ошпазлар ушбу баҳайбат тандирда пиширган гўштни иштирокчиларга тортиқ этади.
“Бойсун баҳори” шунчаки фольклор фестивали эмас, балки, ўтмиш ва бугунни боғловчи манзил. Сеҳрли оҳанглар, дилга хуш ёқувчи мусиқа ҳамда лаззатли таомлар ва ҳунармандлар маҳорати қалбда ўчмас из қолдиради.
Ушбу бетакрор гўзалликлардан баҳраманд бўлиш учун барчага имконият берилган. Унда бир умрлик унутилмас хотиралар яралади.
Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА