Донорлик – беғараз яхшилик
Яқинда ижтимоий тармоқда бир отанинг илтижоли мурожаатига кўзим тушиб қолди: “Фарзандимнинг аҳволи оғир. Унга шошилинч равишда энг кам учрайдиган — AB (IV) манфий (Rh−) қон тури керак. Илтимос, кимда имкон бўлса ёрдам беринг”...
Баъзан инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун катта кашфиёт ёки мураккаб технология эмас, савоб йўлида берган қони етарли бўлиши мумкин. Донорликнинг энг катта қадри ҳам шунда — инсон ўзи билмаган бошқа бир инсонга ҳаёт учун имконият беради. Шу эзгу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Спорт илмий-амалий марказида “Меҳр улаш” донорлик акцияси ташкил этилди. Акцияда Агентлик тизимида фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ ходим кўнгилли равишда иштирок этиб, қон топширди. Уларни бир мақсад — қонга муҳтож инсонларга ёрдам бериш ва ҳаёт учун зарур бўлган эзгуликни улашиш истаги бирлаштирди.

Қонга эҳтиёж туғилган вазиятда вақтнинг ҳар бир дақиқаси муҳим. Айниқса, оғир жароҳат олганлар, жарроҳлик амалиётига муҳтож беморлар ва қон компонентларига эҳтиёж сезадиган инсонлар учун донорлар томонидан берилган қон ҳаётий аҳамиятга эга. Шу боис донорликни шунчаки тиббий жараён деб эмас, инсоннинг бошқа бир инсон ҳаётига қўшган ҳиссаси сифатида баҳолаш мумкин. “Меҳр улаш” акцияси ҳам ана шу ғояни кенг тарғиб қилишга қаратилди. Унда иштирок этган ҳар бир ходим ўз қони орқали кимнингдир оғир кунини енгиллаштиришга ҳисса қўшди.

Аслида донорлик — маданиятга айланиши керак. Акциянинг асосий мақсади ҳам нафақат қон топшириш, балки жамиятда донорлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, қонга эҳтиёж сезаётган инсонларга амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик қадриятларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Бугун бир инсон донор бўлса, эртага унинг ёрдами бошқа бир оила учун энг қимматли туҳфага айланиши мумкин. Энг муҳими, донор қони кимнинг ҳаётини ўзгартиришини кўпинча билмайди. Аммо унинг қилган яхшилиги натижасида кимдир яна бир кунни, яна бир ойни, балки бутун умрни яшаш имкониятига эга бўлади. Шу маънода, донорлик — беғараз яхшиликнинг энг таъсирли кўринишларидан бири.

Зеро, меҳрни улашиш учун катта имконият ёки бойлик шарт эмас. Баъзан инсоннинг ўзида бор бўлган энг қимматли неъмат — қони бошқа бир инсон учун ҳаёт умидига айланиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА