Ватан ҳимоячиларини тарбиялайдиган мактаб
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи ёш авлодни ватанпарварлик, жасорат ва фидойилик руҳида тарбиялаш йўлида муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Ушбу мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки ёшларнинг маънавий салоҳияти, жисмоний чиниққанлиги ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини намоён этади. Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиёти ёшларнинг билимли, соғлом ва ватанпарвар бўлиб вояга етишига бевосита боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда ҳарбий хизматга қизиқишини оширишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. “Шижоат ва ғайрат” мусобақаси ана шундай эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Тадбирда ушбу мусобақа ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, жасорат ва ғурур туйғуларини янада юксалтириб, келажак ҳимоячиларини тарбиялашнинг муҳим мактаби эканлиги таъкидланди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мусобақада туман ва шаҳарлардан саралаб олинган 15 та жамоа иштирок этди. Иштирокчилар олти шарт бўйича ўзаро беллашиб, нафақат жисмоний тайёргарлик, балки ҳарбий билим, чаққонлик, мардлик ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасидаги имкониятларини ҳам синовдан ўтказди.
[gallery-29762]
Ҳар бир шарт иштирокчилардан қатъият, ирода ва масъулият талаб қилди. Айниқса, ҳарбий-амалий машқлар ва жамоавий синовлар ёшларнинг тезкор фикрлаши, тўғри қарор қабул қилиши ҳамда мураккаб вазиятларда ўзини тута билиш қобилиятларини янада мустаҳкамлади.
Мусобақа якунида энг юқори натижаларни қайд этган жамоа ғолибликни қўлга киритиб, Ёшлар ойлиги доирасида ўтказиладиган тантанали тадбирда муносиб тақдирланиш ҳамда республика шарафини кейинги босқичда ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.