Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, “Қарши – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилганда, унда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи 1966 й.т. фуқаро йўловчи сифатида кетаётганлиги маълум бўлди.
Мазкур шахсга тегишли қўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида сариқ рангли скотч билан ўралган 5 дона бўлакда, жами 5 кг. 32 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб,ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Бошқа ҳолатда эса Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи, 1974 й.т. шахс ўзинингяшаш хонадони томорқасида 33 туп “Каннабис”ўсимлигини етиштираётганлиги фош этилди. Шунингдек, ушбу манзилдан 7 кг. 79 гр. “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси ҳам олинди.
Бу каби ҳолат Фарғона вилоятида ҳам қайд этилиб, “Андижон-Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Боғдод тумани ҳудудида тўхтатилди.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган – Қўқон шаҳрида яшовчи 2001 й.т ва 1982 й.т. фуқароларга тегишли қоплар ичида 1200 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, айни шу вақтда “Спарк” русумли автомашинада улар билан кетма-кет ҳаракатланаётган шериги – 1986 й.т. шахс ҳам қўлга олинди.
Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган, 1998 й.т. ва 1980 й.т. 2 нафар фуқаро ҳам ушланди ҳамда улардан жами 345 дона “Тропикамид” ва 15 дона “Регапен”дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Аниқланишича, мазкур шахслар Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келиб, сотиш билан шуғулланган.
Ҳозирда учала ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА