Вариатив таълим: ҳар бир ўқувчининг иқтидори ва имкониятлари
Бугунги таълим тизими олдида турган муҳим вазифалардан бири — ёш авлодга чуқур билим бериш билан бирга, ҳар бир ўқувчининг индивидуал қобилияти, қизиқиши ва салоҳиятини аниқлаш, уни келгусидаги таълим ва касбий фаолиятга мақсадли йўналтиришдир. Бу жараёнда таълимга бир хил мезонлар асосида ёндашишдан кўра, ўқувчининг шахсий имкониятларини ҳисобга олиш, унинг кучли жиҳатларини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан инсон капитали сифатини ошириш, ёшларнинг билим ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит яратишга қаратилган. Айниқса, таълим жараёнига замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятидан келиб чиқиб, уларни муайян йўналишларга тайёрлаш бу борада муҳим ўрин тутади.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Бухоро вилояти Педагогик маҳорат марказида “Ўқувчи қобилиятини юзага чиқаришда вариатив таълимнинг педагогик имкониятлари” мавзусида вилоят амалий семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда умумтаълим мактабларида вариатив таълимни самарали ташкил этиш, ўқувчиларнинг индивидуал қобилияти, қизиқиши ва салоҳиятини ривожлантириш, уларни олий таълимга мақсадли тайёрлашда замонавий педагогик усуллардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда, айниқса, филология ҳамда молия-иқтисодиёт йўналишларидаги вариатив синфлар фаолиятига эътибор қаратилди. Ушбу синфларда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг фанлар бўйича билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникма ва компетенцияларини ривожлантириш, келгусидаги таълим йўналишини онгли танлаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, илғор педагогик тажрибалар тақдим этилиб, уларни мактаблар амалиётига татбиқ қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Амалий семинарда Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманларидаги умумтаълим мактабларининг математика, инглиз тили, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, вариатив таълимнинг аҳамияти фақат муайян фанларни чуқурлаштириб ўқитиш билан чекланмайди. У, аввало, ўқувчининг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, таълим жараёнини унинг эҳтиёжларига мослаштириш, келажакдаги касбий танловига пухта замин яратиш имконини беради. Бу эса ёшларнинг ўз олдига аниқ мақсад қўйиши, танлаган йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини изчил ривожлантиришига хизмат қилади.

Семинарнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бундай учрашувлар педагоглар ўртасида тажриба алмашиш, дарс жараёнига янгича методик ёндашувларни олиб кириш ва таълим натижадорлигини ошириш учун амалий майдон вазифасини ўтайди.
Зеро, ҳар бир боланинг қобилиятини ўз вақтида кашф этиш, унинг имкониятларини тўғри йўналтириш ва ривожлантириш — таълимнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Вариатив таълим эса ана шу мақсадга эришиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва келажакда малакали мутахассислар етишиб чиқиши учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири