Бугун экилган ниҳол — эртанги кунга қўйилган мустаҳкам қадам
Табиатга эътибор — келажакка эътибордир. Бугун ерга қадаб қўйилган ҳар бир ниҳол эртанги куннинг мусаффо ҳавоси, яшил манзараси ва экологик барқарорлиги учун хизмат қилади. Шу боис мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси изчил давом эттирилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган мазкур умуммиллий ҳаракат бугун нафақат дарахт экиш, балки аҳолида экологик маданиятни юксалтириш, табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ва келажак авлод учун соғлом атроф-муҳит яратишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар тимсолига айланмоқда.
Бу борада Бухоро давлат педагогика институти жамоаси ҳам фаоллик кўрсатиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширди.
Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ишчи-хизматчилар ҳамда талаба-ёшлар бир мақсад йўлида бирлашиб, таълим муассасаси ҳудудига 1 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экишди.
[gallery-32666]
Эътиборлиси, бу ташаббус институт ҳудудини янада обод ва кўркам масканга айлантириш билан чекланмайди. Унинг замирида ёш авлодга табиатни асраш, яшилликни қадрлаш ва атроф-муҳитга дахлдорлик ҳиссини сингдиришдек муҳим тарбиявий мақсад ҳам мужассам. Зеро, бўлажак педагоглар учун экологик маданиятни шахсий намуна орқали намоён этиш, уни таълим ва тарбия жараёнида ёшларга етказиш алоҳида аҳамиятга эга.
Шу маънода, мингдан ортиқ ниҳолнинг экилиши — шунчаки ободонлаштириш тадбири эмас, балки жамоанинг умумий мақсад, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик атрофида бирлашганини кўрсатувчи амалий ҳаракатдир. Айни пайтда бугунги меҳнатнинг самараси эртага намоён бўлиши учун экилган ҳар бир кўчатни парваришлаш, унинг ўсиб-улғайишини таъминлаш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади.
Зеро, яшил макон бир кунлик меҳнат билан эмас, доимий эътибор ва масъулият билан барпо этилади. Бугун меҳр билан ерга қадаб қўйилган ҳар бир ниҳол эртанги авлод учун соя-салқин, тоза ҳаво ва гўзал табиатни мерос қолдириш йўлидаги эзгу қадамдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (суратлар), ЎзА мухбирлари