Қаршида саноат хавфсизлиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Safe Collections” МЧЖда саноат ва қурилиш соҳаларида меҳнат қилаётган ходимлар учун махсус пойабзал, ишчи кийимлари ҳамда саноат хавфсизлиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
2010 йилда ташкил этилган корхона бугунги кунда маҳаллий бозорда саноат хавфсизлиги воситаларига бўлган талабни таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланилиб, маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Махсус кийим ва пойабзаллар қурилиш, саноат ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларида меҳнат қилаётган ходимларни турли ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган.
[gallery-30943]
Мамлакатимизда қурилиш ва саноат лойиҳаларининг кўпайиши ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган талабни оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар корхона фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш имконини бермоқда.
“Safe Collections” МЧЖда ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Маҳаллий саноат хавфсизлиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг кенгайиши ички бозор талабини қондириш баробарида юртимизда ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат) ,ЎзА