Жиззахнинг ўтмиши ва бугуни акс этган китоб тақдимоти
Жиззах политехника институтида “Жиззах — ўтмиши қадим, келажаги порлоқ шаҳар” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган маърифий тадбирда маҳаллий ҳокимлик ва секторлар раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, ёзувчи ва ижодкорлар, таълим муассасалари вакиллари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур нашр Жиззахнинг кўп асрлик тарихи, бой маданий мероси, бугунги қиёфаси ва истиқболдаги тараққиёт йўналишлари ҳақида кенг маълумот беради. Китоб ўқувчиларни шаҳарнинг тарихий ўтмиши ва замонавий ривожланиш жараёнлари билан яқиндан таништириш, айниқса, ёш авлоднинг она юрт тарихи ва миллий қадриятларга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
Тадбирни Жиззах шаҳар ҳокимининг давлат тили ва маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Сурайё Шерқўзиева кириш сўзи билан очди. У Жиззахнинг бой тарихий-маданий мероси, кейинги йилларда шаҳарда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз юритиб, мазкур нашрнинг шаҳар тарихини кенг тарғиб этиш ва ёш авлоднинг миллий қадриятларга бўлган ҳурматини оширишдаги аҳамиятига эътибор қаратди.
Тақдимотда сўзга чиққан олимлар, тарихчилар ва ижодкорлар китобнинг илмий-маърифий аҳамияти, Жиззахнинг кўп асрлик тарихини ўрганиш ҳамда бой маданий меросини келгуси авлодларга етказишдаги ўрни хусусида фикр билдирди.
Шунингдек, шаҳар тарихига оид маълумотларни тўплаш, ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишда бундай нашрларнинг аҳамияти катта экани қайд этилди.
[gallery-32126]
Тадбир давомида китобнинг мазмун-моҳияти, унда ёритилган тарихий маълумотлар ва шаҳарнинг бугунги тараққиётига оид материаллар юзасидан фикр алмашилди. Муаллифлар ва ижодий жамоа вакиллари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Тақдимот якунида китобни яратиш ва нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган ижодкорлар ҳамда соҳа вакилларига эсдалик совғалари топширилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА