Уйшинликларнинг узоғи яқин бўлди (+видео)
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги олис ва чекка ҳудудларидан бири – Уйшин маҳалласи аҳолиси узоқ йиллар давомида кутган янги оилавий шифокорлик пунктининг иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.
Илгари уйшинликлар маҳалладан 8-9 чақирим узоқликда жойлашган Қипчоқ шаҳарчаси ҳудудидаги 1-Оилавий поликлиника хизматидан фойдаланар эди. Айниқса, қишнинг изғиринли кунлари ёки ёзнинг жазирама иссиғида олис манзилга қатнаш кексалар ёки ёш болали оилалар учун анчайин мушкул эди.
Эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, саховатпеша тадбиркорнинг ташаббуси қўллаб-қувватланди ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Уйшин маҳалласи ҳудудида янги тиббий пункт қуриш лойиҳаси тасдиқланди. Эътиборлиси, мазкур иншоот тўлиқ тадбиркор ҳомийлигида барпо этилди. Бу хусусий секторнинг ижтимоий соҳадаги фаол иштирокининг ёрқин намунасидир.
[gallery-31564]
Ушбу замонавий тиббий пунктида бугунги кунда иккита тиббий бригада ташкил қилинган бўлиб, жами 4 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Бу ерда аҳолининг тиббий кўрикдан ўтиши, сифатли муолажа олиши ва даволаниши учун барча қулай шароит яратилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА