Ота-оналик масъулияти – фарзанд тарбиясидаги энг улуғ бурч
Ота-она бўлиш – энг катта бахтлардан бири. Бироқ бу бахт билан бирга улкан масъулият ҳам келади. Фарзандни дунёга келтиришнинг ўзи кифоя эмас. Уни соғлом, билимли, одобли, меҳнатсевар, ватанпарвар ва жамиятга фойдали инсон қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Юртимизда “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси изчиллик билан амалга оширилди. Лойиҳа доирасида турли тадбирлар ўтказилди. Қўлланмалар яратилди. Бунинг ўзи етарлими?
Фарзанд тарбияси ҳақида гап кетганда, кўпинча боланинг ҳуқуқлари, унинг эркинлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари тилга олинади. Албатта, бу жуда муҳим. Чунки бола ҳам тўлақонли шахс ва унинг шаъни, қадр-қиммати, таълим олиш, соғлом муҳитда яшаш ва ҳимояга эга бўлиш каби ҳуқуқлари бор. Аммо ҳуқуқ ҳақида гапирар эканмиз, масъулият ва бурч тушунчаларини ҳам унутмаслигимиз керак. Зеро, ҳуқуқ ва бурч бир-биридан ажралган тушунчалар эмас. Улар бир-бирини тўлдиради.
Болалигимиздаги тарбия
Биз катта бўлган даврни эсласак, тарбиянинг ўзига хос жиҳатлари бор эди. Ўша пайтларда мактаб фақат билим оладиган жой эмас, балки меҳнат ва жамоавий тарбия маскани ҳам эди. Синф хоналарини ўзимиз тозалардик. Мактаб ҳовлисини супурар, ободонлаштириш ишларида қатнашардик. Ҳашарларга чиқардик. Кимдир уйидан супурги олиб келарди, кимдир белкурак. Ҳамма бир мақсад йўлида ҳаракат қиларди.
Бу ишлар биз учун оддий меҳнатдек кўринган бўлса-да, аслида улар орқали кўплаб ҳаётий сабоқларни ўрганганмиз. Меҳнат қилишни, бировнинг меҳнатини қадрлашни, жамоа билан ишлашни, берилган вазифани охирига етказишни, катталарнинг гапига қулоқ солишни ўрганганмиз.
Энг муҳими, бизда «бу иш менинг ишим эмас» деган тушунча унчалик кучли эмасди. Мактаб – ҳамманинг умумий маскани, синф – ҳамманинг жойи, уни тоза сақлаш эса умумий вазифа, деб қараларди. Ҳашарлар ҳам нафақат ободончилик, балки одамларни бирлаштирувчи, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни кучайтирувчи анъана эди. Қўни-қўшни бир-бирига ёрдам берар, катталар иш бошлар, ёшлар уларга эргашарди.
Бугун эса замон ўзгарди. Технологиялар ҳаётимизга чуқур кириб келди. Болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари ва эҳтиёжлари ҳам ўзгарди. Бугунги бола телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар ва турли ахборотлар орасида улғаяпти. Шундай шароитда тарбияга ҳам бошқача ёндашиш талаб этилади.
Ҳуқуқни билиш масъулиятни унутиш, дегани эмас
Бугунги фарзандлар ўз ҳуқуқларини биздан кўра яхшироқ билиши мумкин. Буни салбий ҳолат деб қарамаслик керак. Аксинча, ўз ҳуқуқини билган бола ўзини ҳимоя қилишни, ноҳақликка дуч келганда қонуний йўл билан мурожаат қилишни ўрганади.
Қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари мавжуд. Агар боланинг ҳуқуқлари бузилса, у тегишли ҳимоя органларига мурожаат қилиши мумкин. Қонунчиликда белгиланган ҳолат ва тартибларга қараб, боланинг ҳуқуқлари суд орқали ҳам ҳимоя қилиниши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга қонунчиликда алоҳида эътибор қаратилган. Амалдаги қонунларга кўра, боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, уларни қонун доирасида ҳимоялаш механизмлари мавжуд, жумладан, қонунда белгиланган ҳолатларда судга мурожаат қилиш имконияти ҳам кафолатланган.
Бундай ҳуқуқий ёндашув аввалги даврдаги ота-она ва фарзанд муносабатлари ҳақидаги анъанавий қарашлардан фарқ қилиши табиий. Илгарилари «ота-она — катта, фарзанд — кичик» деган тушунча устувор бўлиб, катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг гапига қулоқ тутиш ва оиладаги тартиб-интизомга риоя этиш тарбиянинг устун жиҳатлари саналган.
Бугун эса бу қадриятларга боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш тамойили ҳам қўшилган. Бу ота-онанинг қадрини пасайтириш ёки фарзандни ота-онага қарши қўйиш эмас. Аксинча, замонавий ҳуқуқий ёндашув оилада ҳам ота-онанинг масъулияти, ҳам фарзанднинг ҳуқуқ ва бурчлари ўзаро уйғун бўлишини назарда тутади.
Аммо бугунги ҳуқуқий жамиятда масалага бошқача ёндашилади. Ота-она ҳам қонун олдида муайян мажбуриятларга эга. Фарзанднинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш – ота-онанинг масъулияти. Шуниси муҳимки, боланинг ҳуқуқи борлиги ота-онанинг қадрини туширмайди, ота-онанинг бурчи борлиги эса фарзандни ота-онадан устун қўйиш дегани эмас. Аксинча, ҳуқуқий саводхонлик оилада ўзаро ҳурматни кучайтириши керак.
Ота-оналик масъулияти нима?
Мутахассисларнинг фикрича, ота-оналик масъулиятини фақат боланинг қорнини тўйдириш, кийим-кечак олиб бериш ёки мактабга юбориш билан чеклаб бўлмайди. Фарзандга эътибор бериш, унинг кимлар билан дўстлашаётганини билиш, ўқишига қизиқиш, бўш вақтини қандай ўтказаётганини назорат қилиш, муаммоси бўлса уни эшитиш ҳам тарбиянинг бир қисмидир.
Айниқса, ҳозирги даврда ота-онанинг фарзанди билан мулоқот қилиши жуда муҳим. Чунки бола ўзини эшитадиган одамни излайди. Агар унинг саволларига уйда жавоб бўлмаса, у жавобни кўчадан, интернетдан ёки нотўғри манбалардан излаши мумкин. Шунинг учун фарзандга «Мен айтдим – тамом!» дейишдан кўра, «Нима учун бундай ўйлаяпсан?», «Сенинг фикринг қандай?», «Кел, бу масалани биргаликда ҳал қиламиз», деган муносабат кўпроқ самара беради. Зеро, тарбия – аввало, шахсий намуна.
Бола ота-онасининг гапидан кўра, кўпроқ унинг хатти-ҳаракатини кўради. Агар ота-она меҳнатни қадрласа, фарзанд ҳам меҳнатга ўрганади. Агар ота-она катталарни ҳурмат қилса, бола ҳам ҳурматни ўрганади. Агар уйда китоб ўқилса, илмга қизиқиш бўлса, боланинг дунёқараши ҳам шунга мос шаклланади.
Болалик даврларини солиштириш муҳимми?
Катта авлод вакиллари кўпинча: «Биз ҳам бола бўлганмиз. Синф тозалаганмиз, ҳашарга чиққанмиз, катталарнинг гапини икки қилмаганмиз», дейди. Бу хотираларда жуда катта тарбиявий маъно бор. Бироқ бугунги болага фақат «биз шундай қилганмиз, сен ҳам шундай қил» дейишнинг ўзи етарли эмас. Нима учун меҳнат қилиш кераклигини, нима учун тозаликка риоя қилиш зарурлигини, нима учун бошқаларга ёрдам бериш инсоннинг фазилати эканини тушунтириш муҳимдир.
Чунки замон ўзгаргани билан яхши фазилатлар ўзгармайди. Меҳнатсеварлик – кеча ҳам қадрли эди, бугун ҳам қадрли. Ҳалоллик – бугун ҳам керак. Катталарга ҳурмат – кеча ҳам, бугун ҳам муҳим. Кичикларга ғамхўрлик бугун ҳам инсонни безайди. Жамоага фойда келтириш, ўзидан кейин яхши ном қолдириш ҳар қандай даврда ҳам инсон учун юксак қадриятдир.
Оиладаги ўзаро ҳурмат
Оилада ҳуқуқ ва бурч ҳақида гап кетганда, шуни унутмаслик керакки, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат фақат қонун билан эмас, меҳр ва ҳурмат билан ҳам бошқарилади. Ота-она фарзандига меҳр бериши, уни ҳимоя қилиши, таълим ва тарбияси учун шароит яратиши керак. Фарзанд эса ота-онасининг меҳнатини, ғамхўрлигини қадрлашни, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўрганиши зарур.
Фарзанднинг ҳуқуқини билиши яхши. Лекин ҳуқуқни билиш — хоҳлаган ишни қилиш мумкин дегани эмас. Ота-онанинг масъулияти бор. Аммо фарзанднинг ҳам оиладаги одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш, таълим олишга ҳаракат қилиш, ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бериш каби масъулиятлари бор. Шунинг учун болага «сенинг ҳуқуқинг бор» деган тушунча билан бирга «сенинг бурчинг ҳам бор» деган тушунчани ҳам сингдириш зарур.
Мактаб ва оила ҳамкорлиги
Фарзанд тарбиясини фақат мактаб зиммасига юклаб қўйиш ҳам тўғри эмас.Ўқитувчи болага билим беради, тарбиясига таъсир кўрсатади. Аммо бола кунининг катта қисмини оиласи ва яқин муҳитида ўтказади. Шу сабабли мактаб ва оила бир-бири билан ҳамкор бўлмаса, тарбияда кутилган натижага эришиш қийин.
Илгарилари ота-она мактаб билан яқин алоқада бўлган. Ўқитувчининг гапига жиддий қаралган. Боланинг хатоси бўлса, ота-она ва мактаб биргаликда уни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилган. Бугун ҳам бу ҳамкорлик зарур. Фақат бу ҳамкорлик танбеҳ ва жазо асосида эмас, тушуниш ва ҳамжиҳатлик асосида қурилиши керак. Ота-она ўқитувчини, ўқитувчи ота-онани ҳурмат қилса, энг катта ютуқ боланики бўлади.
Яхши тарбия – энг катта мерос
Инсон фарзандига уй-жой, мол-мулк ёки бойлик қолдириши мумкин. Аммо фарзандга берилган энг катта мерос яхши тарбия, тўғри таълим ва инсонлик фазилатларидир. Бугун болага нима берсак, эртага шу нарса жамиятга қайтиб келади. Агар биз фарзандимизни меҳнатсевар қилиб тарбияласак, меҳнатни қадрлайдиган авлод вояга етади. Ҳалолликни ўргатсак, ҳалолликни қадрлайдиган авлод шаклланади. Ҳуқуқ ва бурчни биргаликда тушунтирсак, ўз ҳуқуқини биладиган, аммо бошқаларнинг ҳуқуқини ҳам ҳурмат қиладиган фуқаролар камол топади.
Зеро, ота-оналик масъулияти бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Биз болаликда синф хоналарини тозалаганмиз, ҳашарларга чиққанмиз, жамоа билан меҳнат қилганмиз. Бугунги болаларнинг шароити бошқача бўлиши мумкин. Аммо тарбиянинг моҳияти ўзгармаслиги керак.Бола меҳнатни билиши, масъулиятни ҳис қилиши, ўз ҳуқуқини англаши билан бирга ўз бурчини ҳам унутмаслиги лозим.
Ота-она эса фарзандини фақат назорат қилибгина қолмай, уни тушуниши, эшитиши, тўғри йўл кўрсатиши ва энг муҳими, ўзи яхши намуна бўлиши керак. Чунки фарзанд — ота-онанинг эртанги куни. Бугун биз унга қандай муносабатда бўлсак, эртага у ҳам жамиятга шундай муносабатда бўлади.
Эндиликда ҳар бир ота-она ўзидан бир савол сўраб кўриши керак:«Мен фарзандимга фақат яхши ҳаёт қолдиряпманми ёки яхши инсон бўлиш учун ҳам тўғри тарбия бераяпманми?» Бу саволнинг жавоби нафақат бир оиланинг, балки бутун жамиятнинг эртанги кунига таъсир қилади.Зеро, фарзанд тарбияси келажак олдидаги масъулиятдир.
Н.Усмонова, ЎзА