Устоз ва мураббийлар куни кенг нишонланди
Ҳар йили 1 октябрь юртимизда Устоз ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана бутун умрини таълим-тарбия, илм-фан ва ёш авлод камолотига бағишлаган устоз ва мураббийларга юксак эҳтиром ифодасидир.
Устоз меҳнати кўпинча бир қарашда кўзга ташланмайди. Аммо унинг самараси шогирднинг билими, мустақил фикри, эришган натижалари ва ҳаётда ўз ўрнини топганида намоён бўлади. Сирдарё туманида ҳам жорий йилда таълим соҳасида қайд этилган натижалар ана шу меҳнат самарасини кўрсатмоқда.
2025–2026-ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларини 1 650 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 726 нафари, яъни қарийб ҳар икки битирувчидан бири халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритди. Педагоглар салоҳиятида ҳам ўсиш кузатилди. Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 20 фоиздан 35 фоизга етди. Халқаро ва миллий сертификатга эга педагоглар салмоғи эса бир йилда 10 фоиздан 20 фоизга ошди.

Туман таълимидаги йилнинг муҳим воқеаларидан бири 41-сонли мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мавжуда Умматованинг республика миқёсидаги ютуғи бўлди. Мамлакатимизда илк бор ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танловининг республика босқичида ғолиб бўлган устоз 616 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Бу каби натижалар тасодифан юзага келмайди. Ҳар бир ютуқ ортида ўқитувчининг кундалик изланиши, дарсга пухта тайёргарлиги, ўқувчининг қобилиятини англай билиши ва уни қўллаб-қувватлаши бор. Шу маънода, таълимдаги рақамлар устоз меҳнатининг аниқ натижасини акс эттирувчи кўрсаткичлардир.

Бугун Сирдарё туманида 43 та умумтаълим мактаби ва 32 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Таълим сифатини ошириш, болалар учун муносиб шароит яратиш ва ўқув жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш мақсадида муассасаларда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчи ва тарбияланувчилар учун замонавий шароитлар яратиш мақсадида туманда қурилиш-монтаж ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Жумладан, 9- ва 17-сонли умумтаълим мактабларида жами 4 миллиард 647 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, 5- ва 42-сонли умумтаълим мактаблари ҳамда 21- ва 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида жами 29 миллиард 100 миллион сўмлик ишлар амалга оширилмоқда.
Бу эса таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилаш баробарида, ўқувчи ва тарбияланувчиларнинг сифатли таълим олиши, билим ва кўникмаларини ривожлантириши учун зарур муҳит яратишга хизмат қилади.

Бироқ таълим сифатини фақат бино, жиҳоз ёки сарфланган маблағ билан ўлчаб бўлмайди. Унинг асосий мезони — ўқувчининг билими ва эришган натижаси. Шунинг учун замонавий мактабда устознинг касбий салоҳияти, янгиликка интилиши ва ўз устида ишлаши ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Сирдарё туманида ўтказилган байрам тадбирида ана шу меҳнат ва натижалар сарҳисоб қилинди. Тадбирда туман ҳокими Азизбек Турдимуродов устоз ва мураббийларни касб байрами билан табриклаб, уларнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрнига алоҳида тўхталди.

— Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий пойдеворини барпо этишда устозларнинг меҳнати, билими, тажрибаси, маслаҳати ва насиҳати муҳим аҳамиятга эга. Сизларнинг машаққатли меҳнатингиз ёш авлоднинг келажагини белгилайди. Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат ва касбий фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман, — деди ҳоким.

Байрам тадбирида таълим соҳасида фаолият юритаётган бир гуруҳ устозлар муносиб тақдирланди. 5 нафар педагог «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотланди. Фаол ва ташаббускор ўқитувчиларга туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан давом этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири