Урганч давлат университетида 27 минг нафар талаба таҳсил олмоқда
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида 2026-2027 ўқув йили қабул жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда университет ректори Феруза Мадраҳимова оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерларни университетнинг бугунги салоҳияти, эришилган ютуқлари ва 2026-2027 ўқув йили учун режалаштирилган қабул жараёнлари билан таништирди.
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети айни дамда Хоразмдаги йирик илмий-маърифий марказ сифатида ўз фаолиятини изчил ривожлантириб бораётган олийгоҳ бўлиб, унинг таркибида 10 та факультет, 43 та кафедра фаолият юритмоқда.
– Университетимизда 114 та бакалавриат таълим йўналиши ва 54 та магистратура мутахассислиги бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда, – дейди университет ректори Феруза Мадраҳимова. – Ҳозирги кунда университетимизда жами 27 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Университетнинг энг катта бойлиги бу унинг илмий-педагогик салоҳиятидир. Бугунги кунда университетимизда жами 1200 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 500 нафарга яқини илмий даражали ҳисобланади. Шунингдек, таълим жараёнларига 50 нафардан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этилган.
[gallery-30115]
Дарҳақиқат, УрДУ QS World University Rankings – 2026 барқарорлик рейтингида Ўзбекистон бўйича 4-ўринни, Осиё университетлари рейтингида эса мамлакатимиз бўйича 10-ўринни эгаллагани университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланиб, таълим сифати ва илмий салоҳияти изчил ўсиб бораётганлигини кўрсатади.
– Энг муҳими, бугун эришилган натижалар биз учун якуний манзил эмас, – дейди олийгоҳ ректори Феруза Мадраҳимова. – Университетимиз олдига қўйилган асосий стратегик мақсадлардан бири яқин икки йил ичида дунёнинг ТОП-1000 талик университетлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашдир. Бугунги кунда Урганч давлат университети дунёнинг 200 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари, илмий марказлари ва халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Даврнинг энг муҳим воқеаларидан бири эса яқинда Хитойнинг йирик саноат корпорацияси XCMG билан ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилгани бўлди. Бу эса университетимизнинг халқаролашув даражаси ортиб бораётганини, таълим ва илм-фан интеграцияси тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Анжуманда университет “Қабул комиссияси” масъул котиби Ўткир Матёқубов 2026-2027 ўқув йили учун жами 5 минг 931 нафар, ўтган ўқув йилига нисбатан 1 минг 120 тага ёки 15 фоизга кўп талабани қабул қилиш режалаштирилганлигини маълум қилди. Шундан 5 минг 500 та квота бакалавриат, 431 та квота магистратура босқичи учун ажратилган. Бакалавриат босқичида 3 минг 550 та кундузги, 400 та кечки, 1 минг 550 та масофавий таълим шаклларига ажратилган.
Матбуот анжуманида 50 нафарга яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этиб, саволларига батафсил жавоб олди.
Матбуот анжумани якунида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан университет билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ ОАВ вакилларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари