Илм-фан ривожи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши
Тарихий тараққиётни таҳлил этадиган бўлсак, жамият ва миллат юксалиши, давлат қудрати ҳамиша илм-фан билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Шу боис илм-фанга аввало, келажакка қаратилган эътибор ва инсон қадрини улуғлашнинг энг олий намунаси сифатида кўзга ташланади.
Президентимизнинг жорий йил 26 майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳам мамлакатимиз илм-фани тараққиётида янги даврни бошлаб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Мазкур ҳужжатда давлатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишлари учун инновацион ечимлар ишлаб чиқа оладиган, замонавий дунё талабларига жавоб берадиган юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган янги нормалар белгилаб берилди. Шунингдек, ихтисослашган кенгашлар фаолиятини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, олий таълимдан кейинги таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда докторантлар тайёрлаш жараёнини халқаро талабларга мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳужжатда соҳалар кесимида амалга оширилаётган илмий тадқиқотларнинг сифати, илмий янгилиги ва амалий аҳамиятини оширишга хизмат қилувчи муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилган.
Фармон шунчаки, илм-фанни ривожлантиришга эмас, балки янги Ўзбекистонда қайси соҳада бўлмасин илм-фанга, таълимга, шу жумладан, илм қилаётган илмий кадрларнинг меҳнатига муносабат тубдан ўзгарганини ва бу соҳа давлат сиёсатининг энг юқори устувор йўналишига айланганини яна бир бор намоён этди. Унда белгилаб берилган имкониятлар замирида фақат моддий рағбат эмас, балки улкан маъно, чуқур ёндашув ва илм-фан ривожи учун жуда катта илмий майдон яратилгани ўз ифодасини топди.
Келинг, бу янгиликларга олий таълим ва илм-фан тизимида кўп йиллик тажрибага эга соҳа вакили сифатида назар ташлайлик: биринчидан, фармон олий таълим ривожини янги макроиқтисодий ва ижтимоий суръатларга мослаштирувчи муҳим омил бўлди. Олий таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари зиммасига янги вазифалар юклаш билан бирга миллий илмий салоҳиятимизни янада юксалтиришнинг такомиллашган механизмини яратиб берди. Шунга мувофиқ мақола доирасида бу тарихий ҳужжатнинг институционал ва амалий аҳамиятига, унинг олий таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларини янги босқичга олиб чиқишдаги ўрнига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Илмий соҳадаги анъаналар ўз даврида фаннинг кўп тармоқли ривожланишини таъминлашга хизмат қилган эди. Бироқ, бугунги тезкор глобаллашув ва рақамли технологиялар асри тадқиқотларни бевосита амалиёт ва стратегик эҳтиёжларга янада яқинроқ боғлашни тақозо этмоқда. Фармонга кўра, эндиликда докторантурага қабул квоталарининг камида 60 фоизи айнан мамлакатимиз иқтисодиёти учун юқори аҳамиятга эга бўлган устувор ва инновацион йўналишларга – нанотехнологиялар, робототехника, сунъий интеллект ва сейсмик хавфсизлик каби соҳаларга ажратилиши белгиланди. Бу мавжуд илмий салоҳиятни янада жипслаштириб, давлат маблағларини жамият учун энг юқори самара берадиган стратегик соҳаларга мақсадли йўналтириш имконини кенгайтиради.
Илм-фан йўлини танлаган ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан мунтазам қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг ажралмас қисми ҳисобланади. Устувор ихтисосликлар бўйича таҳсил олаётган докторантларга дифференциал ва 1,7 баравар оширилган стипендиялар жорий этилиши ҳам ана шу эътибор намунасидир. Бу қадам ёш олимларимизнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиради, уларнинг бор эътибори ва интеллектуал қувватини фақат ва фақат изланишларга, жаҳон андозаларига мос тадқиқотлар олиб боришга қаратишига пухта замин яратади.
Бугунги кун фан ва амалиёт уйғунлиги янада мосланувчан ёндашувларни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, соҳадаги энг диққатга сазовор янгиликлардан бири “Лойиҳа доирасида илмий даража” (PhD) дастурининг йўлга қўйилишидир. Аввалги тизим илмий ишларнинг услубий ва назарий мукаммаллигини таъминлашга хизмат қилган бўлса, янги дастур соҳага янада катта тезкорлик олиб киради. Эндиликда аниқ бир амалий ёки инновацион лойиҳа доирасида тижоратлаштириладиган натижа кўрсатган, реал ишлаб чиқариш муаммосини ҳал этган тадқиқотчининг иши соддалаштирилган тартибда, тўғридан-тўғри тан олиниши мумкин. Бу тизим анъанавий илмий мактаблар тажрибасини сақлаган ҳолда фанни амалиёт билан, тадқиқотчини эса тадбиркор билан боғловчи энг қисқа ва самарали кўприкка айланади.
Олий аттестация комиссиясининг ташкилий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимига ўтказилиши ва унинг қарорлар қабул қилиш ваколатлари кенгайтирилгани академик муҳитдаги яна бир муҳим ўзгариш бўлди. Бу қадам халқаро академизм принципларига тўлиқ мос келади. Зеро, илмга фан аҳли баҳо бериши, миллий илмий мактабларимизнинг нуфузини юқори даражада ушлаб туриши мақсадга мувофиқдир. 2027 йил 1 январдан бошлаб илмий даражалар бериш тартибларининг янада соддалаштирилиши, кўп йиллар давомида шаклланган бой тажрибаларни янги давр талабларига мослаштириб, соҳадаги мавжуд тартиб-таомилларни енгиллаштиради.
Фармон мамлакатимизда илм-фанни миллий тараққиётнинг бош драйверига айлантиришни мақсад қилган. Ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга изчил жорий этилиши янги авлод олимлари жамоасини шакллантиришга хизмат қилади. Бу жараённи тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда фармон ижросини таъминлашда бор билим, тажриба ва муассасамиз салоҳиятини сафарбар этишни шарафли бурч, деб биламиз.
Азизбек Хасанов,
Термиз давлат педагогика институти
ректори, педагогика фанлари доктори, профессор.
ЎзА