Университетда янги ўқув йили бошланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида 2026/2027 ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, ота-оналар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.

Шундан сўнг, университет ректори Бердияр Жоллибеков сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллик байрами ва янги 2026/2027 ўқув йилининг бошланиши билан қутлади. Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга қабул қилиниб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналарини самимий табриклаб, уларга янги ўқув йилида муваффақиятлар тилади.

Тантанали тадбир давомида сўзга чиққанлар юртимизда ёшларнинг пухта билим олиши, замонавий касб ва мутахассисликларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади. Талаба-ёшларни берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга, ўз устида мунтазам ишлашга, чуқур билим ва кўникмаларни эгаллашга чорлаб, келгусида Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилишларида уларга улкан зафарлар тилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири