Улоқ-кўпкари турнирининг ғолиблари (видео)
Наманганда мукофот жамғармаси 225 миллион сўм бўлган IV халқаро улоқ-кўпкари турнирининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Чавандозу тулпорларнинг икки кунлик шиддатли беллашувлари, от спорти ишқибозларининг олқишлари остида ўтган муросасиз баҳсларда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон давлатларининг жамоалари “А” ва “Б” гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашди.
<iframe width="1250" height="703" src="https://www.youtube.com/embed/U3MhXSm0TFw" title="Uloq-koʻpkari turnirining gʻoliblari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кучли чавандозлардан ташкил топган жамоалар ғолиблик учун майдоннинг ҳар бир қаричида беллашувларга киришди. Саралаш баҳслари сарҳисобига кўра, Ўзбекистон Миллий гвардия чавандозлар мактаблари тарбияланувчиларидан ташкил топган "Ўзбекистон-1" жамоаси спортчилари финалда "Ўзбекистон-2" жамоаси чавандозлари билан куч синашган бўлса, 3-ўрин учун кечган кўпкарида Қозоғистон ва Тожикистон чавандозлари рўбарў келди.

Миллий қадриятларимиз тантанаси бўлган мусобақалар давомида чавандозлар ота-боболаримиздан мерос улоқ–кўпкарининг мардлик, чапдастлик, шаҳду шижоат, олийжаноблик жиҳатларини кенг намоён этишди.
Муросасиз баҳслар натижасида қозоғистонлик чавандозлар Тожикистон жамоасидан очколар ҳисобида устун келиб, турнирнинг бронза медалига мушарраф бўлди.

Олтин медаль учун кечган кўпкари ўйинлари натижасида "Ўзбекистон-1" жамоаси шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олган ҳолда мусобақа низомига биноан 100 миллион сўмга эга чиқди. 2-ўринни эгаллаган "Ўзбекистон-2" жамоаси 75 миллион, 3-ўринни қўлга киритган Қозоғистон вакиллари 50 миллион сўм билан тақдирланди. Шунингдек, халқаро турнирда алоҳида йўналишларда ўз маҳоратини намойиш этган чавандозларга махсус сертификатлар тақдим этилди.


Ғолиб ва совриндорларга мукофотларни тантанали топшириш маросимида Спорт вазирлиги, Миллий гвардия қўмондонлиги, Наманган вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси мутасаддилари иштирок этди.
Т. Рўзиев, ЎзА