Украина 8 миллиондан ортиқ фуқаросини ватанга қайтариш дастурини ишлаб чиқмоқда
Украина ҳукумати чет элдаги 8 миллиондан кўп украиналикни ватанга қайтариш бўйича кенг қамровли стратегия ишлаб чиқмоқда.
– Европа Иттифоқи билан бирга фуқаролар хавфсиз ва қулай қайтишини таъминлаш механизми ишлаб чиқилмоқда, – деди Украина Давлат миграция хизмати раиси Наталия Науменко. – Мамлакат ташқарисида “Ҳужжатлар” давлат корхонаси идоралари тармоғи кенгайиши бу йўлда муҳим қадам бўлди.
Ҳукумат фуқаролар Украина билан қонуний алоқани сақлаб қолиши учун ҳужжат расмийлаштириш тартибини соддалаштирмоқчи.
– Ватанга қайтишни осонлаштиришга қаратилган яна бир восита кўп фуқароликни жорий этиш ташаббусидир, – деди Науменко. – Бундай амалиёт ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва Канададаги украинларга юрти билан қонуний алоқани сақлаб қолиш имконини беради.
С.Раҳимов, ЎзА