Туркий халқлар ижодкорлари Андижонда бирлашди
Андижонда ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмасининг йиғилиши ҳамда "2026 йил — Зиё Кўкалп йили"га бағишланган халқаро ижодий учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлигида ўтказилган ТУРКСОЙ ёзувчилар уюшмаси йиғилиши ва ижодий учрашувда Турксой ёзувчилар уюшмаси вакиллари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ТУРКСОЙга аъзо давлатлар ёзувчи, шоир, адабиётшунослари, андижонлик ижодкорлар иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо олиб борди.


Анжуманда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Элёрбек Ҳолмирзаев, ТУРКСОЙ бош котиби Султан Раев сўз олиб, Халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинганлиги, ана шу мақом доирасида ўтказилаётган тадбирлар Андижонннинг нуфузини янада оширишга, туркий халқлар ижодкорлари, маданият аҳлини бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
– Шоҳ ва шоир, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур юртида ўтаётган тадбиримиз туркий халқлар ўртасидаги дўстлик, ижод аҳли ўртасидаги ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, – дейди ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Эшдавлат. – Турксой томонидан ташкил этилаётган ҳар бир тадбир ана шу мақсадларга хизмат қилади. “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” деган ғоя халқларимиз ёзувчи ва шоирларнинг, ҳар бир ижодкор, адабиёт аҳлининг бош шиорига айланади.
Учрашувда Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Салим Бабулла ўғли туркий ҳалқлар ижодкорлари томонидан чоп этилаётган китобларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар билдирди.
– Ўзбекистон, ўзбек халқи мен учун жуда қадрли, – дейди Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи Қулбек Эргобек. – Тарихда туркий халқлар жуда кўп машаққат ва ҳаёт қийинчиликларини бошидан ўтказган. Хусусан, ўтган асрнинг 30-йилларида юз берган очарчилик даврида, бир неча миллион қозоқлар вафот этган. Ўша пайтда 10 ёшли қизча бўлган онам яқинлари билан Андижонга, қариндошларининг олдига келиб, очлик офатидан омон қолганини кўп бор гапириб берган. Шу маънода ҳам мен ўзбек халқидан, андижонликлардан чексиз миннатдорман. Бир-бирига ўхшаш ўтмиши, тили, дини, қадриятлари бир халқларимиз ижодкорлари дўстлигимизни, бирлигимизни янада мустаҳкамлаш учун бор имкониятларини ишга солишлари керак. Чунки адабиёт халқларни бир-бирига янада яқинлаштиради. Шу ўринда мен ўзим яшаётган Туркистонда Турксой бўлимини очиш, унинг тасарруфига ўзим ташкил этган адабиёт музейи, кутубхона ва санъат асарлари галереясини ўтказишни таклиф қиламан.


Шундан сўнг учрашувда сўз олган Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Имоналиев, Туркия Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Энес Кала, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Салим Бабулла ўғли, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Бейбит Сарибай томонидан ҳам қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Учрашувда келгуси йил учун тузиладиган режалар юзасидан мулоҳазалар билдирилди, туркий дунёнинг умумий адабий қарашларини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, туркий адабиётлар ўртасидаги алоқалар, туркий халқларнинг умумий маданий хотирасини келажак авлодларга етказишга хизмат қиладиган янги ҳамкорлик моделлари, сунъий интеллект ва рақамли адабиёт, рақамли трансформациянинг адабиётга таъсири, хусусан, сунъий интеллект технологияларининг бадиий ижод, таржима ва нашриёт соҳаларида яратган имкониятлари билан бирга юзага келаётган муаммолар ҳам кўриб чиқилди.


Туркий дунёнинг умумий рақамли адабиёт платформасини яратиш, электрон кутубхоналарни ривожлантириш, ёзувчиларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, мумтоз асарларни рақамлаштириш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлар ёзувчилар уюшмалари ўртасида барқарор ҳамкорлик механизмларини яратиш, қўшма нашрлар ва таржима лойиҳаларини амалга ошириш, умумий антологиялар тайёрлаш, ёш ижодкорлар учун алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро адабиёт фестивалларини ўтказиш, атоқли шоир ва ёзувчиларнинг юбилейларини биргаликда нишонлаш каби қатор ташаббуслар ҳам илгари сурилди.
– Учрашувда туркий халқлар ижодкорлари, айниқса, ёш ижодкорлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш хусусида ҳам кўп фикрлар билдирилди, – дейди Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос, Жаҳон ёш туркий ижодкорлар уюшмаси раҳбари Интиқом Яшар. – Шу ўринда таъкидлаб ўтишим керакки, ёш ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга мустаҳкамланиб, кўлами кенгайиб бормоқда. Хусусан, Озарбайжонда ўнлаб туркий халқлар ёш ижодкорларининг китоблари озарбайжон тилида чоп этилди.

– Ушбу ижодий учрашув андижонлик ижодкорларга ҳам шижоат, илҳом беради, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Абдулҳай Собиров. – Кардош халқлар таниқли ижодкорларининг ижодий ҳамкорликни, бирлик ва дўстликни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва ташаббусларини тингладик. Ижодкорларимизнинг бу каби эзгу ва хайрли ишлари шубҳасиз, бирлигимизни, дўстлигимизни мустаҳкамлаш билан бирга, туркий адабиёт ривожини янада юқори босқичга кўтаради.
Бир сўз билан айтганда, ТУРКСОЙ ташаббуси билан Ўзбекистонда ва қардош мамлакатларда ташкил этилаётган маданий, илмий, маърифий анжуман, ижодий ва илмий учрашувлар туркий дунё зиёлилари, ижодкорлари ўртасидаги дўстлик, бирлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни бирлаштиришга, янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.